Китоб ва китобхонлик тарғиботи – бош мезон

Бугунги кунда мамлакатимизда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида барча соҳа ва тармоқларда улкан ўзгаришлар амалга оширилмоқда.

Бу борада ёш авлоднинг маънавий-интеллектуал салоҳияти, онгу тафаккури ва дунёқарашини юксалтириш, она Ватан ва халқига садоқат туйғуси билан яшайдиган баркамол шахсни тарбиялашда беқиёс аҳамиятга эга бўлган китобхонлик маданиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётгани беҳад қувонарлидир.

Ўз навбатида давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган бешта эзгу ташаббуснинг тўртинчиси — ёшлар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича тизимли  ишларни  ташкил  этиш, ёш авлодни маънавий савиясини ошириш ҳамда аждодларга муносиб авлод этиб тарбиялашда  дастуриламал  бўлиб  хизмат  қилмоқда. Боиси ёшлар қанчалик маънавий баркамол бўлса, турли ёт иллатларга қарши иммунитети ҳам шунча кучли бўлади.  Ёшлар  ўртасида  китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини оширишда кутубхона ходимларидан билим ва   ўз ишига маъсулият талаб этилади. Кутубхоначилик масъулиятли иш бўлгани учун уни бажаришда махсус билим, маҳорат ва тажриба зарур. Ахборот-кутубхона фаолиятида кутубхоначида менежерлик қобилияти бўлиши керак. Кутубхоначи педагог, психолог, ташкилотчи, малакали билим соҳиби бўлмоғи лозим.

Кутубхонага китобхонни жалб этишда муҳим ва унутилмас саналар, даврнинг долзарб воқеа-ҳодисалари муносабати билан  оммавий тадбирлар  ўтказиб бориш мақсадга мувофиқдир.  Адабиётларни тарғиб этишда оммавий усуллар кенг қўлланади ҳамда мунтазам равишда китоб кўргазмалари, китобхонлар конференцияси, адабий-бадиий учрашувлар ўтказиб борилади.

Ёшларимиз қалбида китобхонликни шакллантириш босқичларида кутубхона-мактаб-оила ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиши яхши натижа беради.

“Кутубхона-мактаб”  лойиҳаси асосида энг фаол китобхон ўқувчини “Ёш кутубхоначи” этиб сайлаш мақсадга мувофиқ бўлади. Чунки ёш кутубхоначи тенгдошлари ўртасида воситачи бўлиб, китоб тарғиботини олиб боради. Шунингдек, ахборот ресурс марказларига кўнгиллиларни жалб этиш керак.

Кўнгилли ходимга кутубхонада иш олиб боришнинг кўплаб фойдали томонлари бўлиб, биринчи навбатда интеллектуал салоҳияти ривожланади, фикрлаш доираси кенгаяди, ўзига керакли маълумотлар базасига эга бўлади, интернет тармоғидан бепул фойдаланиш имкониятини қўлга киритади, кутубхонага келган  турли соха ходимлари билан хамсухбат бўлади ва фикр алмашади. Шу тариқа жамиятимизга фойдаси тегадиган шахс бўлиб шаклланади.

Жамиятимизнинг ҳар бир аъзоси энг аввало ўзи ва оиласида китобга ихлос уйғотса, китоб мутолаасига  ҳар қандай ҳолатда ҳам вақт топади.

Аҳолининг китобхон қатлами китобга меҳр қўймаган қатламидан ҳам иқтисодий, ҳам маънавий жиҳатдан афзал бўладиган замонларда  аҳолининг  китобхонлик  даражаси  юксалиб бораверади. Айни жараёнда барча саъй-харакатларимиз комил инсонни тарбиялашга қаратилган экан, мутолаа маданиятининг юксаклиги мамлакат ва халқнинг жаҳон ҳамжамиятидаги ўрни ҳамда обрў-эътиборини йилдан-йилга ривожланиб боришини таъминлайверади. Ақлий ва интеллектуал салоҳият юксаклиги, жамиятда оммавий равишда китоб мутолааси йўлга қўйилиши юртнинг нурли келажагини таъминловчи асосий ҳамда ҳал қилувчи омиллардан бири эканлигини асло унутмаслик зарур.

Зеро, қадимги Урхун-Энасой тош битикларида ёзилганидек, билимсизлик – боши берк кўча. Тафаккур йўли – абадий ҳаёт йўлидир!

Муқаддам  ЖАЛОЛОВА,

Бағдод қишлоқ хўжалик коллежи тасарруфидаги

Ахборот ресурс маркази электрон ахборот-ресурс

технологиялари бўлими бошлиғи.