Ноқонуний машиналар “канали” фош этилди

Фарғонада масъул идоралар томонидан ўтказилган тадбирда мамлакатимиз ҳудудига ноқонуний олиб ўтилган автомашиналар аниқланди.

Бугунги кунда юртимизда товар моддий бойликлар ва транспорт воситаларини ноқонуний олиб ўтишнинг яширин механизми ва “канал”ларини аниқлаш, унга чек қўйиш борасида муайян чора -тадбирлар амалга оширилмоқда.

Тезкор маълумот асосида ўтказилган тадбир чоғида Фарғона тумани Ёшларобод қишлоғи ҳудудида Н. Т айни шу транспорт воситасига тегишли бўлмаган “Nexia” русумли давлат рақами 40 С 899 АА автомашинани бошқариб кетаётган вақтида тўхтатилиб текширилганда қилмиши фош бўлди. Мазкур автомашина Қирғизистон Республикасига тегишли, 1996 йилда ишлаб чиқарилганлиги, кузов ва двигател рақамлари ҳам аниқланди.

Н.Тнинг кўрсатмаси асосида унинг Фарғона шаҳридаги яшаш хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилиб, ҳовлисида 1 дона “Nexia” русумли автомашина турганлиги, у ҳам Қирғизистон Республикасига тегишли транспорт воситаси эканлиги маълум бўлди.

Аниқланишича, Н. Т ва А. Қлар Қирғизистонга бориб, у ердаги танишидан 89 минг қирғиз сўмига 2 дона “Nexia” русумли автомашинани сотиб олишган. 600 доллар эвазига айланма йўллар орқали, божхона назоратини четлаб, Фарғона тумани ҳудудига олиб ўтган. Улар бошқа автомашинанинг давлат рақамларини ноқонуний олиб ўтилган машинага қадаб олишган. 2 дона “Nexia” русумли автомашинани эҳтиёт қисмларга ажратган ҳолда Ўзбекистон ҳудудида сотиб фойда кўрмоқчи бўлишган.

Олиб борилган суриштирув ишлари давомида мазкур автомашиналар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида рўйхатга олинмаганлиги, шунингдек, “GM Uzbekistan” АЖда ишлаб чиқарилмаганлиги, ашёвий далил тариқасида олинган мазкур машиналарнинг қиймати 44 миллион 500 минг сўмни ташкил қилишлиги аниқланган. Вилоят божхонаси бошқармаси томонидан уларга нисбатан иш ҳужжатлари тўпланиб, Фарғона шаҳар маъмурий судига юборилган. Суд томонидан ҳуқуқбузарларга нисбатан тегишли жазо тайинланиб, 2 дона “Nexia” русумли автомашина давлат фойдасига мусодара қилинди.

Қонунбузарликнинг олди олинишига эришилди. Мазкур автомашиналар қанчалаб одамларнинг хавфсизлигига таъсир қилиши, жиноятларни келиб чиқариши ҳам мумкин эди. Мамлакатимизда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан ана шундай ноқонуний ҳолатга албатта чек қўйилади.

Маъсуджон СУЛАЙМОНОВ.