Билимдон ўқувчилар ва кўрик-танлов ғолиблари тақдирланди

Мактабни олтин ва кумуш медалларга тамомлаган, таълимнинг бошқа йўналишларида муваффақиятга эришган билимдон ўқувчилар ҳамда “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси – 2019” кўрик-танлови ғолиблари тақдирланди.

Фарғона шаҳридаги Ислом Каримов номидаги театр ва концерт саройида бўлиб ўтган тантанали маросим айни шу мавзуга бағишланди.

Тантанали тадбирнинг очилиш маросимида сўз олган вилоят ҳокими ўринбосари Файзулло Қосимов иштирокчиларни эришилган муваффақиятлар билан самимий табриклаш баробарида ютуқлар ўз-ўзида бўлмаганлиги, иқтидорли ёшларни аниқлаш, улар эришаётган муваффақиятларни муносиб рағбатлантириш борасида Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан тизимда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар ҳозирданоқ ўз натижаларини бераётганлигини, бугунги анжуман ана шу муваффақиятларнинг амалий бир ифодаси эканлигини алоҳида таъкидлади.

Жорий ўқув йилида вилоятимиз умумтаълим мактабларининг 11-синфларини 28 минг 221 нафар йигит-қизлар муваффақиятли тамомлаб, мустақил ҳаётга йўлланма олдилар. Қувонч билан таъкидлаш жоизки, уларнинг 139 нафари олтин ҳамда 126 нафари кумуш медалга сазовор бўлдилар.

Тадбир давомида олтин ҳамда кумуш медаллари соҳибларига тантанали равишда мукофотлар топширилди. Шунингдек, тадбирда “Йил психологи” кўрик-танловининг республика ғолиби Фарғона шаҳридаги 40-ИДУМ психологи Эм Юлия, жаҳон чемпионати ғолиблари, Қорақалпоғистонда ўтказилган “Ёш қутқарувчи” кўрик-танловиининг республика босқичи совриндорлари Қувасой шаҳридаги 1-умумтаълим мактабининг “Матонат” жамоаси аъзолари, халқаро иқтисод олимпиадаси совриндори Фарғона шаҳридаги 2-ИДУМнинг 10-синф ўқувчиси Шамшир Убайдуллаев ҳамда яқинда Тошкент шаҳрида ўтказилган республика фан олимпиадасида инглиз тили фанидан фахрли 1-ўринни қўлга киритган Қувасой шаҳридаги 1-ИДУМ 11-синф ўқувчиси Асадбек Одиловлар ҳам тантанали равишда тақдирландилар. Асадбек Одилов Президент ташаббуси билан амалиётга татбиқ этилган рағбатлантиришнинг ёрқин ифодаси бўлган 50 миллион сўм мукофотни қўлга киритганини алоҳида таъкидлаш жоиздир.

– Ушбу муваффақиятлар Юртбошимиз ҳамда Ватанимнинг мен каби ёшларга қаратаётган юксак ғамхўрлик ва эътибори натижаси деб биламан, – дейди биз билан суҳбатда Асадбек Одилов. – Халқимнинг менга бўлган чексиз ишончини сўзсиз оқлашга бор иқтидорим ва билимимни сарфлайман. Айни фурсатда билим ва тафаккурга йўналтирган устозларимга чексиз миннатдорлигимни билдираман.