Ўйламай қилинган иш

Бугун тадбиркорлик қиламан деган инсон борки, унга ҳамма имкониятлар яратиб берилган. Хусусан, банклар томонидан ажратилаётган сармоялар ишбилармонлик фаолиятини тубдан яхшилашга ҳисса қўшмоқда.

Аммо банк кредитларидан оқилона фойдаланиш ва ўз вақтида қайтариш борасидаги мажбуриятларни айрим фуқаролар тўлиқ тушуниб етмаяпти. Шу туфайли жавобгарликка тортиляпти.

Фарғона шаҳрида яшовчи тадбиркор Азимжон Ҳошимов (мақоладаги қаҳрамонларнинг исм-шарифи ўзгартирилган) ҳам масъулияти чекланган жамият раҳбари сифатида “Агробанк”нинг вилоят бошқармасидан олган кредитни ўз вақтида қайтармасдан кредиторлик мажбуриятини бажармади.

Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судининг 2017 йил 16 октябрдаги 1-7884/17-сонли ижро варақасига асосан Мажбурий ижро бюроси А.Хошимовдан “Агробанк” ОАТБ вилоят бошқармаси фойдасига 143 миллион 500 минг сўм пул маблағларини ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати юзасидан 2017 йил 5 декабрда 17222-сонли ижро ишини қўзғатган эди.

Ижро ҳаракатлари давомида қарздорга тегишли “Ласетти” русумли 40F131МА давлат белгили автомашинага нисбатан қидирув эълон қилинган эди. Мажбурий ижро бюроси Фарғона шаҳар бўлими қидирув ходимлари томонидан олиб борилган тезкор қидирув тадбирлари натижасида ушбу автотранспорт фуқаро Шокир Ҳасанов бошқарувида эканлиги маълум бўлди. У фуқаро Абдураҳим Қодировга тегишли ВАЗ 2101 русумдаги автомашинанинг 40F078КА давлат белгисини ўзбошимчалик билан қўйиб юрганлиги аниқланди ва жарима майдончасига жойлаштирилди.

Ҳолат юзасидан суриштирув ишлари давом этмоқда.

 Саидрасул  ГИЯЕВ,

Мажбурий ижро бюроси Фарғона шаҳар

бўлими қидирув бўйича инспектори, 2-даражали юрист.

Элмурод ЖЎРАЕВ,

бўлимнинг давлат ижрочиси.