Мурожаатларнинг аксарияти жойида ҳал қилинди

Вилоят прокурори С.Турдиев томонидан Марғилон шаҳрида сайёр қабул ўтказилди. Қабул давомида 82 нафар фуқароларнинг мурожаати тингланди ва 73 та ёзма мурожаатлар қабул қилинди.

Мурожаатларда асосан, соғлиқни сақлаш, ишга жойлашиш, уй-жой, моддий ёрдам, йўлларни таъмирлаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳамда коммунал соҳага оид масалалар акс этди.

Сайёр қабул жараёнининг ўзида 6 нафар фуқаролар ишга жойлаштирилиши, 4 нафар шахсларнинг коммунал хўжалик масалалари ҳал этилиши, 7 нафар фуқаролар тиббий кўрикдан ўтказилиб, даволанишга ётқизилиши, 3 нафар фуқарога ногиронлик аравачаси, 1 нафарига банк пластик карточкаси берилиши таъминланди.

— Мутахассислигим бўйича иш тополмай сарсон эдим. Сайёр қабул давомида шаҳардаги 37-сонли мактабгача таълим муассасасига хамшира вазифасига ишга жойлаштирилдим, – дейди “Обод Марғилон” кўчасида яшовчи Г.Сатторова.

— Онам С.Хасанова учун ногиронлик аравачаси ажратиш ҳақидаги мурожаатим жойида ҳал этилди, — дейди “Ипак йўли” кўчасида яшовчи С.Хасанова мамнунлик билан. – Барчаларидан миннатдорман.

Қабулда ишбилармон юртдошлармизнинг талаб ва таклифлари ҳам яқиндан ўрганилди.

– Тадбиркорлик фаолиятим учун 100 миллион сўм кредит ажратиш юзасидан банк идораларига қилган мурожаатим ҳал бўлмасдан келаётган эди, — дейди Х.Хабибуллаев. – Вилоят прокурори қабулида бу мурожаатим тегишли ташкилот вакили билан ўрганилиб, тез кунда ҳал этиладиган бўлди.

Сайёр қабулда шу каби кўплаб мурожаатлар кўриб чиқилиб, аксарияти жойида ҳал қилинди. Айрим мурожаатлар юзасидан тегишли ташкилотларга кўрсатмалар берилди ва назоратга олинди.

А.ХУДОЙБЕРГАНОВ,

вилоят прокурори катта ёрдамчиси.