Ёшлар билан ишлашда дастуриламал ҳужжат

Риштон туманида айни вақтда биринчи ташаббус бўйича “Жаҳонобод” қишлоғи маданият уйида фаолият юритаётган “Миллий чолғу асбоблари” тўгарагида 30 нафар, Уйрат ва Оқ ер қишлоқ маданият уйларидаги рақс тўгаракларида эса 50 нафардан ёшлар санъатнинг нозик сирлари бўйича устозларидан сабоқлар олишмоқда.

Иккинчи ташаббус бўйича ёшларни жисмоний чиниқтириш ва спорт соҳасида ўз қобилиятларини намоён қилишлари учун зарур шароитлар яратиб бериш мақсадида туманда 16 та спорт тўгараклари ташкил қилиниб, уларга 125 нафар ёшлар жалб этилди. Аҳолини, айниқса ёшларни жисмонан бақувват ва соғлом бўлиб вояга етишишларини таъминлаш мақсадида спорт иншоотлари, жумладан умумтаълим мактаблари ва касб-ҳунар коллежларининг заллари имкониятларидан тўлиқ ва самарали фойдаланган ҳолда турли соғломлаштирувчи спорт машғулотлари мунтазам ўтказиб келиняпти.

Бундан ташқари манзилли рўйхатга асосан “Амиробод жилоси” фермер хўжалигида сунъий қопламали футбол майдончаси қурилиши учун 150 млн. сўм банк кредити ажратилди ва айни кунларда қурилиш ишлари амалга оширилмоқда.

Учинчи ташаббус бўйича бугунги кунда туманнинг Учариқ қишлоғи ҳудудидаги “Ёшлар меҳнат гузари”да “Компьютер саводхонлиги” тўгараги ишга тушиш арафасида. Муҳтарам Президентимиз томонидан берилган топшириққа асосан умумтаълим мактабларидаги мавжуд компьютер синфларида ёшларнинг интернетдан мақсадли фойдаланишлари учун керакли шароитлар яратиб берилди.

Ҳозирда туман халқ таълими бўлимига қарашли мактабларда ташкил қилинган 125 та тўгаракка 2460 нафар ёшлар жалб қилинган. Йил якунига қадар бу тўгараклар сонини яна 190 тага,  у ерда шуғулланадиган ёшлар сафини эса 3900 нафарга етказиш кутилмоқда.

Тўртинчи ташаббус бўйича ҳозирги кунда туманда 3 та китоб савдо дўконлари фаолият юритиб келмоқда. Шунингдек, 7 та касб-ҳунар коллежи ва халқ таълими тизимидаги барча мактаблардаги кутубхоналарда китобхонлар сони 32500 нафарни ташкил этади. Келгусида ҳар бир сектор ҳудудида китоб савдо дўконлари, шунингдек маҳаллаларда ҳам биттадан кутубхоналар ташкил этиш орқали ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини янада юксалтириш мақсад қилинган.

Туман халқ таълими бўлими тизимидаги бир қатор мактабларга эса “Ҳар биримиздан ўн китоб” лойиҳаси доирасида масъул раҳбарлар томонидан китоблар совға қилиш акциялари ўтказилмоқда. Бундан ташқари Навоий, Учариқ, Бирлашган, Уйрат, Булоқбоши, Амиробод, Меҳнатобод МФЙларда ҳам маҳалла кутубхоналари ташкил этилди.

Бешинчи ташаббус бўйича туманда хотин-қизларни иш билан таъминлаш масалаларида натижадор тизимни яратиш мақсадида манзилли рўйхат шакллантирилди ва таклифлар тайёрланиб, тегишли ташкилотларга тақдим этилди. Шу мақсадда Бешкапа, Дутир, “Оқ олтин” МФЙлар биноларидан жой ажратилиб, уларда 23 нафар тадбиркор аёлларнинг тикувчилик билан шуғулланишлари йўлга қўйилди.

Манзилли дастурга кўра “Маматқулов Муроджон” оилавий корхонасида ташкил этилган тикувчилик цехи учун “Халқ банки” туман бўлими томонидан 60 млн.сўм имтиёзли кредит ажратилиб, 15 та ишчи ўрни яратилди. “Боғистон трикотаж” МЧЖ фаолиятини ривожлантириш мақсадида “Миллий банк” туман бўлими томонидан ажратилган 170 млн сўм кредит эвазига 20 нафар ёшлар доимий иш билан таъминланди ҳамда мазкур корхоналарга хорижда ишлаб чиқарилган тикув машиналари келтирилди.

Туманда йил якунига қадар яна 9 та шундай янги ишлаб чиқариш корхоналарини ишга тушириш орқали 250 нафар аёлларнинг бандлигини таъминлаш кўзда тутилмоқда.