Ҳамза ижодининг баъзи жиҳатларига доир

Улуғлар ютуғи ҳам, хатоси ҳам катта бўлади деган гап бор. Лекин уларнинг номларини абадийлаштирадиган, сиймоларини халқ меҳрига мушарраф этадигани буюк ишлари, яратган ўлмас асарларидир. Ўзбекистон халқ ёзувчиси, оташнафас шоир, моҳир драматург, жадидчилик ҳаракатининг таниқли намояндаси Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий қисқа умри давомида долғали, мураккаб ҳаёт йўлини босиб ўтди, улкан адабий мерос қолдирди.

1917 йили февраль, октябрь воқеаларидан кейинги ижтимоий-сиёсий тебранишлар жараёнида Ҳамза гоҳ мухториятчи, гоҳ эса янги тузум тарафдори сафида фаолият кўрсатади. Аммо ҳар қандай ҳолатда ҳам у миллатдошларига дунёвий билимларни бериш, қалбларини маърифат нури билан ёритишни мақсад қилиб қўйди. Халқни ғафлат уйқусидан уйғотишда санъатнинг ўрни муҳим эканлигини англагани ҳолда драматик асарлар ёзиб, саҳналаштирди. Бу унинг қатор публицистик мақолалари, “Девони Ниҳоний”си, “Миллий ашулалар учун миллий шеърлар мажмуаси” умумий ном остидаги еттита “гул” тўпламида, “Янги саодат” “миллий роман”и, “Учрашув” номли асарида ҳам ўз ифодасини топди.

Ҳамза 1914-1917 йилларда ёзилган “Бидъатми?.. Маъжусиятми?” “Фақирлик нимадан ҳосил ўлур?” “Мактаби дар ул-айтом”, “Муаллим афандиларимиза улуғ рижомиз”, “Ийди қурбон”, “Явмул вафот”, “Қалбга билимни йўлин очайлик”, “Жумъа қандоқ кун?” “Бугунги қадрли кунлар”, “Хутбадан мурод нима?” каби қатор мақолаларида халқни мустамлакачилик сиртмоғидан озод қилиш, дабдаба, тўй-ҳашамларга берилмай, маблағни илм йўлига сарфлаш, динни турли бидъатлардан халос этиш ғояларини илгари сурди.

“Қироат китоби”нинг “Илм” бобида динни илм билан қуйидагича боғлайди: “Илмсиз кишини бутун инсон демоқ айни хатодир. Илмсизлик кишининг сўзламоқдан бошқа вақтда ҳайвондан заррача айримаси бўлмас. Хусусан, бизни шароитимизда бизларга энг аввал фарз қилинган нимарса ўзини йўқдан бор қилган жаноби ҳақни барча сифатлари илм танимоқ ва они барча буюрган ишларини қилуб, қайтарганларидан қайтмоқдир… Илмсиз кишини ибодатида, саховатида, рўза, ҳаж, закотида, касб, ҳунар, тижоратида, зуҳд, тақво, риёзатида саводидан нуқсу зарари кўп бўлур”.

Барча жадидлар сингари Ҳамза ҳам савдо ишларининг Туркистонда ажнабийлар қўлига ўтиб кетаётганлигидан хавотирга тушади: “Кетди савдо қўллардан, бўлдик хизматкор, Кислат бизни сайд этти, қолдик мадхушвор” (“Йиғла, Туркистон”). Шунингдек, маҳаллий зулмнинг кучайиб, мустамлакачилар таловининг авж олиши натижасида юрт истиқболи зулмат остида қолаётганидан қайғуради:

 Эсиз, эсиз Туркистон қони аввалги ҳоли?

 Оламга зиё берган ул хуршиди иқболи?

 Абри ғафлат қуршади, тун бўлди истиқболи,

 Зулмат тоши ёғилса-да, кўзи очилмаз,

 Руҳсиз тандир, ханжар урса, қони сочилмаз.

Ҳамза Туркистоннинг “абри ғафлат” қуршовидаги ҳолатига сабаб илмсизликдан — на диний, на дунёвий билимларни билмаганликдан кўради: “Бойлар бой ўлур илмсиз яшаб, Ориқларини семизи ошаб, Олти кун ўтмай ҳовли-жой печать, Ҳаж кетар хотун, болани ташлаб” (“Бир зарра борму ақлу ҳушимиз”), ёки “Қўлидадир доми таъма, кўзидадир кайф-хумор, Соч оқариб, қадри ҳам бўлса пушаймон истамас” (“Дардига дармон истамас”); “Билувларнинг бутун қилмиши Элни алдамоқ, бирладир иши. Бойларни аста елкасин қашлаб, Етимларнинг бошига юз муштлар!” (“Миллий шеърлар ила…”); “Тун-кун аҳли тижорат, қилмишидир иморат, Заррача парвоси йўқдир, миллата келса ғорат” (“Ҳасрат қилай қардошлар”).

1917 йил февраль воқеаларини қувонч билан кутиб олган Ҳамза “Тузамиз янги турмушни замон ичра, Абадий сўнгра яшармиз жаҳон ичра” (“Яшасин ишчи, деҳқонлар!”) дея ёзган бўлса, бир оз сўнг ноябрь ойида “Туркистон муҳторияти”нинг ташкил этилиши ҳақидаги қарорни баралла куйлади.

 Тўрт юз йиллик Ромонов битгач давлати,

 Кўтарилди асорат, хўрлик зиллати,

 Насиб ўлди, миллата қайтиб шавкати,

 Қутлуғ бўлсин Туркистон мухторияти!

(“Туркистон муҳториятина”).

1917 йил октябрь тўнтарилиши ижтимоий-сиёсий ҳаётда тубдан ўзгариш ясайди деб ўйлаган Ҳамза большевикларнинг синфий айирмачилик ғояларининг моҳиятини дастлаб тўла англаб етмади. Синфий айирмалар миллатнинг бўлиниб кетиши, уни мустамлакада сақланмоқнинг осон усули эканини жадидлар билган эдилар. Ҳамзанинг ўзи ҳам жадидларнинг қарашларини қувватлаган эди. Лекин ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар Ҳамза онгида ҳам муайян “тўнтаришларни” юзага келтирди. Энди у “Ҳой, ҳой, отамиз! Тошни кесар болтамиз. Бизга кимлар қарши турса, Шарта-шартта отамиз” (“Ҳой, ҳой, отамиз!”) деган сатрлар бита бошлади. Бу табиийки, қатағон ва зўравонликка асосланган шўро тузум ғояларидан сув ичиб бўй чўзган илҳом ниҳолининг мевалари эди. Шу билан бирга, шўро ҳукуматининг миллий урф-одатлар, қарашларга, диний қадриятларга нописанд муносабатда бўлиб, уларни йўқотишга қаратилган сиёсатдаги адолатсизликлардан ҳам Ҳамза кўз юма олмас эди. Гарчанд у бу йилларда “Миллатим насли башардин, ватаним курраи арз, Иккисин хизмати фарздир, иккинчисидан экан қарз” (“Миллатим насли башар…”), “Келди очилур чоғи ўзлигинг намоён қил, Парчалаб кишанларни ҳар томон паришон қил” (“Келди очилур…”) тарздаги умумбашарий ва шахс эрки ғояларини уйгунлаштирган сатрларни битаётган бўлса-да, иккинчи томондан “Ҳужум” компанияси ниқоби остида шошма-шошарлик билан олиб борилаётган тадбирларни қораловчи “Келинг, дўстлар, қиёмат кун яқин бўлди, Март ойида хотинлар юз очар эрмиш. Товба денглар ўшал куни мўмин қуллар, Кўзларидан қора қонлар сочар эрмиш” каби мисралар ҳам битди. “Озод Бухоро” газетасининг 1927 йил 8 февраль сони 4-саҳифаси ҳошиясига араб графикасида Ҳамза томонидан ёзилган мазкур тўртлик биринчи марта беш томлик “Тўла асарлар тўплами”нинг 2-томи (Т.: Фан, 1989, 192-бет)да эълон қилинди.

Хуллас долғали, мураккаб давр воқеаларидан Ҳамза каби оташқалб, янгиликка интилувчи ижодкорлар четда тура олмас эдилар. Улар ҳар қандай ҳолатда ҳам миллат тараққиётини таъминлаш, уни дунёвий билимларга рағбатлантириш, ғафлат уйқусидан уйғотиш борасида амалий ва ижодий ишларни олиб бордилар.

Акбарали САБИРДИНОВ,

филология фанлари доктори,

Турон ФА академиги.