Марғилон меҳмонларни чорлайди

Жорий йилнинг 11-13 июль кунлари Марғилон шаҳрида бўлиб ўтадиган халқаро фестиваль Ватанимизни улуғлайдиган, номоддий-маданий меросимиз дурдоналаридан бири ҳисобланган фольклор санъатини янада оммавийлаштиришдек эзгу мақсадга хизмат қилади.

Марғилонда фестивальга тайёргарлик ишлари қизғин паллага кирди. Хорижий ва маҳаллий сайёҳлар ҳунармандчилик кўргазмаларида иштирок этиб, шаҳарнинг қадимий манзаралари акс этган тарихий объектлар, музейлар, шаҳарнинг диққатга сазовор жойларига ташриф буюрадилар. Улар учун катта миқёсдаги гала-концерт ташкил этиш бўйича ҳам тараддуд кетмоқда.

Марғилоннинг “Чодиржамол” фольклор жамоаси томонидан ҳам тадбирга алоҳида тайёргарлик ишлари олиб бориляпти. Унутилиб бораётган эски лапарлар, ўланлар фестивалга мос руҳда қайта ишланяпти.

Тадбирга 500 нафар хорижий, республикамизнинг барча вилоятларидан 1500 дан зиёд меҳмонлар ташриф буюриши кутилмоқда. Уларни жойлаштириш бўйича ҳозирда 5 та меҳмонхона шай қилиб қўйилди. Улар қаторига янги барпо этилган “Увайсий” оилавий меҳмонхона уйи ҳам қўшилди.

Фестивалнинг мазмун-моҳиятини тарғиб этувчи баннер-панолар нафақат ҳудудимизда балки, Жиззах, Самарқанд, Навоий, Бухоро, Хоразм вилоятларида ҳам ўрнатилди. Шунингдек, интернет тармоғида фестивалнинг srfestival.uz домени рўйхатдан ўтказилиб, ҳозирда дастурий таъминот ишлари якунига етказилмоқда. Шаҳардаги диққатга сазовор жойлар эса 3D форматида uzbekistan360.uz сайтига мунтазам жойлаштирилмоқда. Ушбу веб-сайтдан ҳозиргача Марғилоннинг энг диққатга сазовор жойлари ҳақида маълумот ва суратлар ўрин олди.

Фестиваль муносабати билан ташкил этилган штабда эса матбуот маркази фаолияти йўлга қўйилди. У ерда тажрибали журналист, блогер ва фотомухбирларнинг тадбир тафсилотлари ва тадбиргача бўлган жараёнларни ёритиб боришлари учун имкониятлар яратилди.

Бир сўз билан айтганда, “Буюк ипак йўли” халқаро фестивалида  халқимизнинг ўзлиги акс этади. Бу эса халқимиз, айниқса, ёшларнинг миллий ғурурини юксалтириш билан бирга уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга хизмат қилади.

Ипак шаҳри меҳмонларни ўз бағрига чорламоқда!