Ойдинбулоқнинг энг сердаромад оиласи

Мамлакатимиз тараққиётининг бугунги босқичида Президентимиз ташаббуси билан ҳаётга татбиқ этилаётган эзгу ташаббуслар биринчи навбатда юртимиздаги ҳар бир оила фаровонлигини таъминлаш ҳамда ҳаётидан рози бўлиб яшашига қаратилгани билан эътиборга сазовордир.

Айнан “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида ҳам ана шундай эзгу мақсадлар кўзланган бўлиб, бугунги кунда бу каби саъй-ҳаракатлар самараси Ўзбекистон туманида яққол намоён бўлмоқда.

Ҳозирги кунда тумандаги 72 та МФЙдаги 39,4 мингдан зиёд хонадонлар тасарруфида 2 минг 811 гектар томорқа ери мавжуд. Дастур ижроси бўйича бугунги кунга қадар туманда шахсий томорқа ер эгалари учун қарийб 10 миллиард сўм имтиёзли кредит ажратилиб, тижорат банкларининг захира маблағлари ҳисобидан томорқа эгаларига яна 2 миллиард сўм миқдорида кредит ажратиш кўзда тутилмоқда.

Шу йилнинг 15 июнь куни Ўзбекистон туманининг Қум МФЙ ҳудудида жойлашган Ойдинбулоқ маҳалласидаги энг миришкор томорқачи Равшанжон ва Дилдорахон Каримовлар оиласида “Фарғона ҳақиқати” газетаси таҳририяти ҳамда туман ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман Кенгаши, бир қатор мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда амалий семинар ташкил этилди.

Семинарда таҳририят томонидан ҳар бир оила томорқасида аниқ даромад манбаига эга бўлиш имконини берувчи 100 дан ортиқ деҳқончилик турлари бўйича кўргазмали воситалар намойиш этилиб, 17 та МФЙдан қатнашган аҳоли вакилларига томорқачилик бизнеси мавзусида тайёрланган ўқув-услубий, амалий қўлланмалар тарқатилди. Мавзу юзасидан газета бош муҳаррири, лойиҳа раҳбари А.Тешабоев, ЎзЛиДеП туман Кенгаши ижро аппарати раҳбари А.Раҳмонов, туман бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси мутахассиси Қ.Маҳмудов, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши туман бўлими мутахассиси О.Аҳмедовларнинг маърузаси тингланди.

Қум МФЙ раиси Шавкатжон Эргашевнинг эътироф этишича, ҳозирда маҳалладаги 684 та хонадонда 3602 нафар аҳоли истиқомат қилади. Аҳоли тасарруфида 37,5 гектар томорқа ери мавжуд бўлиб, охирги бир йилнинг ўзида оилалар томорқасида 100 тадан кўпроқ иссиқхоналар ташкил этилди. Ойдинбулоқ маҳалласидаги Равшанжон Каримовлар оиласи томорқадан унумли фойдаланиш борасида барчага ўрнак ва намуна бўлаётгани таҳсинга лойиқ. Айни пайтда оила аъзолари томонидан қўшимча деҳқон хўжалиги фаолияти йўлга қўйилган ва иссиқхоналарда бодринг-помидор, лимон, саримсоқпиёз, турли кўкатлар етиштириш орқали даромад салмоғи тобора яхшиланиб бормоқда. Шунингдек, чорвачилик, балиқчилик оиланинг қўшимча даромад манбаи ҳисобланади. Деҳқон хўжалигида оила аъзоларидан ташқари 5 та доимий ҳамда 30 тадан ортиқ мавсумий иш ўринлари яратилган. Яқинда миришкор оила аъзолари деҳқон хўжалиги қошида 100 тонна сиғимга эга замонавий музлатгичли омборхона қурилишини якунлаб, фойдаланишни бошлашди. Семинар қатнашчилари Равшанжон Каримовлар оиласининг томорқачилик соҳасидаги илғор тажрибалари билан яқиндан танишиб, мазкур ютуқларни туман миқёсида оммалаштириш зарурлигини таъкидлашди.

Муҳтарам Президентимиз бугун юртимиздаги ҳар бир оила сидқидилдан меҳнат қилиши ва фаровон яшаши зарурлигига алоҳида эътибор қаратаётганлари бежиз эмас,-деди семинарда иштирок этган “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раиси Топволди Холдоров. – Юртбошимиз шу йилнинг 6-7 май кунлари вилоятимизга амалга оширган ташрифлари чоғида Фарғонада кам таъминланган оила қолмаслиги кераклиги хусусида барчамизнинг зиммамизга жиддий вазифа юкладилар. Бу борада бевосита томорқа даромади ва маданиятини юксалтириш муҳим аҳамиятга эга.

Семинар иши мобайнида Ўзбекистон туманидаги 72 та МФЙнинг ҳар бирида “Бизнинг маҳаллада кам таъминланган оила, ишсиз одам қолмайди!” шиори остида томорқада банд аҳоли вакиллари учун ҳар бир маҳаллада 100 тадан меҳнат дафтарчаси очилишига эришиш орқали 7000 мингдан зиёд иш ўринлари яратиш ташаббуси илгари сурилди. МФЙ раислари ва фаоллари томонидан ушбу ташаббус маъқулланиб, бу борада вилоятимизда Ўзбекистон тумани тажрибасини оммалаштиришга келишиб олинди.