Қадамни ўйлаб босган афзал эди

Инсон боши деворга урилганидан кейингина ўтган ҳаётини муҳокама қилади. Қилган қилмишлари, билиб-билмай босган қадамлари кўз олдидан бир-бир ўтади.

Аввал жиноятчиликка қўл уриб жазога тортилган, кейинроқ амнистия қарорига асосан жазодан озод этилгани ва ҳукуматимиз томонидан кечирилганидан тўғри хулоса чиқармай, “Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас” қабилида иш кўраётганлар ҳам йўқ эмас.

1962 йилда Қувасой шаҳрида туғилган Хасанжон Касимов ҳам илгариги хатоларидан хулоса чиқармай яна жиноят йўлига кирди. Илгари бир неча марта жавобгарликка тортилгани унга камлик қилган кўринади. Акс ҳолда энг жирканч иллат – коррупция йўлини танламаган, бугун юзи шувут бўлмаган бўлар эди.

Х.Касимов “Иссиқлик манбаи” ишлаб чиқариш давлат бошқармаси РК-3 қозонхона бошлиғи вазифасида ишлаб, ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда пора бериш жиноятини содир этди. Департаментнинг вилоят бошқармаси, Фарғона шаҳар бўлими ва вилоят прокуратураси ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда унинг қонунга хилоф ҳаракати фош этилди. Вилоят “Иссиқлик манбаи” ишлаб чиқариш давлат бошқармаси фаолияти юзасидан ўтказилган  тафтиш давомида РК-3 қозонхона бошлиғи Х.Касимов ўзининг моддий жавобгарлигида бўлган товар-моддий бойликлардан аниқланган камомадни камайтириб беришни сўраб Департаментнинг Фарғона шаҳар бўлими ходимига 1.000 АҚШ долларини пора тариқасида бераётган вақтида қўлга олинди.

Айбдорнинг қилмишлари судда гувоҳларнинг кўрсатмалари ва далиллар билан ўз исботини топди ҳамда жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар суди томонидан Х.Касимовга тегишли жазо тайинланди.

Юқоридаги ҳолатларни муҳокама қилар эканмиз, жиноятга жазо муқаррар эканлигига яна бир бор иқрор бўлдик. “Билмайин босдим тиканни, тортадирман жабрини”, дея ер чизиб қолгандан кўра, ҳар бир қадамни ўйлаб, мулоҳаза қилиб босган афзал эди.

Шерзод ЎРМОНОВ,

Бош   прокуратура ҳузуридаги

ИЖҚК Департаменти вилоят

бошқармаси катта инспектори.