“Ягона” мижозлар хизматида

Тошлоқ туманидаги марказий хиёбон ёнгинасида  мўжазгина тамаддихона бор. Бу тамаддихонанинг “Ягона” деб номланишида хам ўзига хос маъно мужассам.

Одинахон Қосимованинг айтишича, пойтахтга йўли тушганда у ерда қад ростлаган “Ягона” номдаги замонавий иншоот билан танишиб, қулайликларга ҳавас қилган. Худди шундай иншоотни туманда ҳам яратиш илинжи кўнглининг бир четидаги орзуга айланганди. Қишлоғига қайтгач ҳеч иккиланмасдан эзгу ниятлар билан ободонлаштириш ишларини бошлаб юборган опанинг саъйи-ҳаракати билан қарабсизки, пойтахтдаги каби Тошлоқда ҳам ихчамгина ва қулай шароитларга эга емакхона барпо этилди.

-Оилада 10 фарзандмиз. Ёшлигимдан қийинчиликларни кўриб катта бўлдим. Отам тадбиркорлик билан шуғулланарди. Доим ҳаракатда баракат деган сўзларини ҳаётий тамойилимга айлантирганман. Онам уй бекаси эди. Биз 10 фарзандни ҳалол меҳнат билан катта қилишди. У пайтлар тадбиркорларга бериладиган имтиёзларни тасаввур ҳам қилолмасдик. Фаолиятимни 1997 йилдан бошладим. Оддий егуликлар савдосидан бошланган ишимни кенгайтириш ҳаракатида ҳамиша изланардим. Турмуш ўртоғим, уч ўғлим менга қанот бўлди. Шу тамаддихона ўрни илгари ўйдим-чуқур, юрсанг оёғинг қоқилиб кетадиган йўллар бор эди. Барчамиз бирга меҳнат қилдик, бу ерни обод гўшага айлантирдик. Энди биз ҳам, хўрандалар ҳам хурсанд, – дейди тадбиркор опа.

Бугунги кунда бу ерда 8 нафар ишчи ўрни яратилган. Тамаддихонадаги қулай мухит ишчи хизматчиларни хурсанд этмоқда.

— 4 нафар фарзандим бор. Бу ерда ишлаб топганим оиламга моддий кўмак бўлмоқда. Харидорларга сидқидилдан сифатли хизмат қилишга ҳаракат қиляпмиз. Мижозларнинг хоҳиш истакларига қараймиз, – дейди Шаходат Абдуллаева.

– “Ягона”да кўнглимдагидек маззали таомлар тайёрлашади, – дейди узоқ йиллар таълим соҳасида ишлаган Эркиной опа. – Доимий мижозига  айланганман. Истаган пайтда оила аъзоларим билан келиб пластик карточкага истаган махсулотни сотиб оламиз.

Юртимизда тадбиркорлик фаолияти учун кенг имкониятлар эшиги очилган. Бу қулай шароитдан унумли фойдаланаётган хусусий тадбиркор Одинахон Қосимова билан суҳбатлашиб хавасингиз келади. Оиласи ҳам маҳаллада ибратли оила номини олган. Уч нафар келинни  қизидек қабул қилиб, набиралари ардоғида умргузаронлик қилмоқдалар. Ҳар жабхада ўз ўрнини топган, юксак мақсадлар билан олдинга интилаётган бу каби тадбиркорни кўпчиликка ўрнак қилиб кўрсатса арзийди.