Беморни асрагувчи ҳаёт манбаи

Бу йил Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Халқаро Қизил ярим ой жамияти ва Қизил хоч федерациялари таклифларига мувофиқ барча давлатларда Бутунжаҳон донорлар куни “Ҳамма учун хавфсиз қон”шиори остида ўтказилди.

Ушбу тадбирнинг бош мақсади аҳоли онгида қон қуйиш учун хавфсиз қоннинг муҳимлиги ва қон донорларининг зарурлигини чуқурроқ англаб етишни шакллантиришдан иборат. Шу куни донорлик қонлари ва қон компонентларига дунё бўйлаб ошиб бораётган талабга фаоллик билан жавоб бераётган кўнгиллиларнинг инсоният олдидаги хизматлари рағбатлантирилиб, уларга миннатдорчилик билдиришга имконият берилади. Қон донорлиги ва унинг компонентларини ривожлантириш йўналиши бўйича Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг кенг қатламини донорликка жалб қилиш борасида Миллий дастур ишлаб чиқилган.

Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш давлат сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан бири бўлиб, бу жараён вилоят қон қуйиш марказида ҳам жорий йилда олдимизга катта маъсулият юклади.

Қон касалликлари бўйича эришилаётган ютуқлар, яъни қон касалликларини ўз вактида аниқлаш, уларга замонавий кимёвий терапияларни ўтказилиши натижасида беморларга қон ва қон маҳсулотларига зарурият сезилади. Бугунги кунда давлат ҳамда нодавлат ташкилотлари, жумладан маҳаллий аҳоли, вилоятимиздаги барча даволаш профилактика муассасалари ходимлари, шифокорлар, ўрта тиббиёт, кичик тиббиёт ходимлари ўзларининг беғараз ёрдамлари билан фаол қатнашмоқдалар.

Вилоят қон қуйиш марказига ўз қонини беғараз топширишда фаоллик кўрсатган донор Баҳром Алимовдир.

Вилоят болалар кўп тармоқли марказида 30 га якин беморлар наслий гемолитик камқонлик билан “Д” назоратида туради ва буларга ҳар 30-35 кунда 1-2 дозадан ювилган массалар қуйилади. Марказ бундай беморларга энг янги қонларни 3 марта ювган ҳолда етказиб бермоқда, ювилган қон махсулотларини қуйишдан мақсад фақат бемор учун зарур бўлган эритроцитларни ажратиб олиш, юқиши мумкин бўлган ҳар хил юқумли кассалликларни ювиш мобайнида чиқариб ташлашга қаратилган. Ҳозирги кунда донорлар ҳамда бемор яқинлари билан ўзаро маслаҳатлашган холатда юқоридаги ҳаёти давомида доимий қон қабул қилиб турадиган бемор болаларга фақат бир ёки икки нафар донорлар қонини мунтазам қуйиш тавсия этилади. Бундай болалар хаёти давомида 100 ва ундан ортик марта қон қабул қиладилар, ҳар бир қабул қилган қонида ҳар хил антиген-антителалар ҳосил бўлади, бунинг натижасида беморларимизда қон қуйиш мобайнида ножўя таъсирлар юзага келади, яъни қуйилган қонга нисбатан организмдаги ўзаро кураш пайдо бўлади. Бунинг олдини олиш мақсадида фақат доимий донорлар қони қуйиб туришни йўлга қўймоқдамиз.

Бу йил ҳам вилоят қон қуйиш марказларида ушбу санага бағишланган тадбир булиб ўтди. Беғараз донорлик акциялари худудларда, олий ўқув юртларида, жамоат ташкилотларида қон хизматига ихтисослашган микроавтобуслар орқали амалга оширилади. Шунингдек, айни кунларда марказ мутахассислари жойларда тарғибот – ташвиқот ишларини олиб бориш билан бирга, беғараз донорлик сафини кенгайтиришга муносиб ҳисса қўшмоқдалар.

Альберт МУСТАЕВ,

вилоят қон қуйиш маркази бош врачи.

Санжар МИРЗАМАТОВ,

донорлар бўлими бошлиғи.