Талаба ёшларнинг “Инновацион маркази”да

Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббусни ҳаётга кенг жорий этиш мақсадида Фарғона давлат университетида талаба-ёшлар учун “Инновацион марказ” ташкил этилди.

Марказда ташаббуснинг биринчиси бўлган ёшларни мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини ошириш  ҳамда ташаббуснинг бешинчиси саналган хотин-қизларни иш билан таъминлаш бўйича кулолчилик, тўқимачилик, чилангарлик, дурадгорлик, метал кесиш ҳамда чеварчилик йўналишида талабалар ўз фаолиятини бошладилар.

“Инновацион марказ”нинг ташкилланиши ёшлар маънавиятини юксалтириш, истеъдодини юзага чиқариш ва бўш вақтларини мазмунли, мароқли ташкиллаш, бир сўз билан айтганда уларни қўшимча ҳунар эгаллашига имкон яратади.

– Қадимдан Фарғона водийсида ҳунармандчилик кенг ривожланлиги тарихдан маълум. Марғилон ҳунармандлари томонидан тўқилган атлас-адраслар жаҳонга машҳурдир. “Инновацион марказ”да тўқиш дастгоҳлари ўрнатилиб, атлас ва адрас тўқиш йўлга қўйилган, – дейди марказ раҳбари, физика-математика фанлари номзоди А.Худойбердиев. – Ушбу матолар сифати жиҳатидан ҳам,  гигиеник томонидан ҳам қулайлиги учун харидоргир ҳисобланган. “Инновацион марказ”да 20 га яқин ишчи ўрни яратилди. Бугунги ёшлар билим олиш билан бир қаторда ҳунар  эгалласалар мақсадга мувофиқ бўлади.

Марказда мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъат соҳасидаги янги лойиҳаларни амалга ошириш ишлари ҳам режалаштирилган.

                                                                                                                                  Нодирахон ХОЛМАТОВА.