Жанубий кореялик тадбиркорлар Фарғонада

Шу йилнинг 12-13 июнь кунлари вилоятимизда Фарғона вилояти тадбиркорлари ҳамда Жанубий Корея Республикаси компаниялари, тадбиркорлик субъектлари иштирокида бизнес форум бўлиб ўтди.

Бизнес форум доирасида вилоят Тадбиркорлар марказида ўтказилган юзма-юз мулоқотда вилоятимиз тадбиркорлари, Жанубий Кореядан ташриф буюрган компаниялар раҳбарлари, тадбиркорлар қатнашди. Шунингдек, бизнес форумда Ўзбекистон Республикасининг Жанубий Кореядаги фавқулодда ва мухтор элчиси Виталий Фен, Жанубий Корея-Ўзбекистон бизнес маркази раҳбари Ким Чанг Кеон иштирок этди.

Бизнес форумда вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев сўзга чиқди.

Маърузада таъкидланганидек, мамлакатимизда иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларга тўғридан-тўғри инвестициялар жалб қилиш, инвестициявий жозибардорликни ошириш орқали хорижий сармояларни фаол жалб этиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга ошириляпти. Бунинг самараси сифатида вилоятимизда ҳам турли соҳаларда инвестициявий лойиҳалар ишга туширилиб, янги иш ўринлари яратилмоқда.

Айни пайтда вилоятимизда 341 та хорижий инвестиция иштирокида корхона фаолият кўрсатмоқда. Шу йилнинг ўтган даври мобайнида вилоятимизда 130 миллион АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестициялар ўзлаштирилди. Бу корхоналарнинг 18 таси Жанубий Корея инвестицияси иштирокида ташкил этилган бўлиб, ҳозирда вилоятимизда Жанубий Кореянинг 20 дан ортиқ компаниялари фаолият кўрсатяпти.

Ўтган йилда тадбиркорларимиз ўртасидаги ҳамкорлик натижасида ташқи савдо айланмаси 70 миллион долларни ташкил қилди. Шу йилнинг ўтган даврида Фарғона шаҳрида Марказий Осиёда ягона «Listem Fergana» рентген аппаратлари ишлаб чиқариш лойиҳаси ҳамда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳасида “Winchemical” қўшма корхоналари ишга туширилганлиги ҳам ўзаро ҳамкорликнинг жадал ривожланиб бораётганидан далолатдир. Истиқболли ҳамкорлик доирасида Hyundai, Evergreen Motors компаниялари томонидан “Қўқон” эркин иқтисодий зонасида қишлоқ хўжалиги учун мини техника ва юк кўтарувчи каралар ишлаб чиқариш лойиҳасида 15 миллион доллар инвестиция ўзлаштирилиши режалаштирилган.

2019-2020 йилларда Фарғона вилоятини ривожлантириш дастури асосида 330 миллион Корея инвестицияларини ўзлаштириш орқали 15 та лойиҳалар амалга оширилади. Мингдан зиёд янги иш ўринлари яратилиб, йилига 150 миллион долларлик маҳсулот ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатилишига эришилади. Бундан ташқари, бошқа истиқболли лойиҳалар мавжуд бўлиб, 2020-2022  йиллар давомида  900 миллион доллардан ортиқ тўғридан-тўғри инвестиция жалб қилиниши кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, бизнес форумда вилоятнинг инвестицион салоҳияти, амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақида тақдимотлар ўтказилди. Вилоят инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи Дониёр Ғаниев Фарғона вилоятининг саноат, хизмат кўрсатиш, нефть-кимё, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва экспорт қилишда катта салоҳиятга эга эканлиги, солиқ-божхона имтиёзлари, туризм, тарихий обидаларимиз, миллий қадрият ва анъаналаримизни акс эттирувчи байрамлар, фестиваллар хусусида батафсил маълумот бериб ўтди. “Қўқон” эркин иқтисодий зонаси, Ўзбекистон савдо-саноат палатаси Фарғона вилояти ҳудудий бошқармаси мутасаддиларининг маърузалари тингланди. Ўз навбатида Жанубий Кореядан келган компаниялар раҳбарлари, машҳур тадбиркорлар турли тақдимотлар ўтказиб, имконият ва салоҳиятларини намойиш этишди.

Фарғона Буюк Ипак йўлида жойлашган ва ҳар томонлама жадал ривожланаётган ҳудуд, – деди учрашувда сўзга чиққан Жанбуий Корея-Ўзбекистон бизнес маркази раҳбари Ким Чанг Кеон. – Ҳудудий жойлашуви, катта бозорга эгалиги, солиқ-божхона имтиёзлари туфайли ҳамкорликдаги инвестициявий лойиҳаларимиз тобора кенгайиб бормоқда. Бугун ҳам Фарғонага йирик компаниялар раҳбарлари ва машҳур тадбиркорларимиз ташриф буюришган.

Бизнес форум давомида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган “G2B” ва “B2B” шаклидаги музокаралар ташкил этилди. Унинг доирасида ўзаро манфаатли келишувларга эришилди. Фарғонада Жанубий Кореянинг нуфузли Сежонг университети филиали фаолиятини йўлга қўйиш, вилоятимизда ортопедик воситалар, протез маҳсулотлари ишлаб чиқариш, тиббий хизмат кўрсатиш бўйича клиника филиали очилиши сингари келишувлар яқин истиқболда ҳамкорлик кўламини замонавий мезонлар асосида янада ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшиши билан аҳамиятлидир.