Фирибгардан эҳтиёт бўлинг!

Риштоннинг чекка қишлоқларидан бирида яшовчи, муқаддам алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзгаларнинг мулкини қўлга киритиш жиноятларини содир этган, қирқ ёшни қоралаган Фурқат Акрамов (исм-шарафлар ўзгартирилган) содда аёлларни алдаб, “куф-cуф” билан ҳожатини чиқаришни ўзига касб қилиб олгани маълум муддат омад келтирди. Мўмайгина даромадга эга бўлди. Лекин бузоқнинг югургани сомонхонагача экан. Унинг қатор қилмишлари фош бўлиб, эл аро шармандаси чиқди.

Фурқатнинг илк мижози Манзура Темирова қаршисидаги сўзамол, лекин аслида учига чиққан фирибгарга турли диний маросимларни амалга ошириб, муаммоларини ҳал этишда ёрдам сўраб, мурожаат қилади. Устомон Фурқат аёлнинг ишончига кириб, унга эскичадан дуо ўқиб, янги томорқасининг хужжатларини тайёрлашда ёрдам кўрсатишга ваъда беради.

Шу тариқа Манзуранинг ишларини юриштириб юборишини айтиб, алдаб, 507.000 сўм ва 2.518.545 сўм қийматига тенг 300 АҚШ долларини қўлга киритади. Тошкент шаҳрида танишидан хужжатларни тайёрлашда йўл-йўриқ сўраб беришини, бунинг эвазига эса чой ҳаққи учун 419.757 сўм қийматига тенг 50 АҚШ доллари беришини айтиб, уни кўндиради. Шундай қилиб Фурқат Манзуранинг 3.445.302 сўм миқдоридаги пулларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиб, ўзининг шахсий эҳтиёжлари йўлида ишлатиб юборади ва бу билан  Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 1-қисмида кўрсатилган жиноятларни содир этади.

Фурқатнинг уйига яна бир мижоз Турдихон Мусаева оиласидаги муаммоларини ҳал этишда ёрдам сўраб, мурожаат қилади. Ўз ўрнида Фурқат Турдихоннинг ишончига кириб, ўғлини ишга киритишда йўлини очиб беришини билдириб, 100 АҚШ долларини қўлга киритади.

Олиб келинган пулларга эскича маросим ўтказиб, хонадонидан  товоқ келтириб, паст оловда ўртасидан бўлингунга қадар тутиб туришини, сўнгра бўлакларини қабристонларга тарқатиш лозимлигини, пулларни эса вақтинча ўзи сақлаб туришини, маълум вақт ўтгач қайтариб беришини билдиради. Шу тариқа мижозни турли алдовларга ишонтириб, 1.546.515 сўм миқдоридаги пулларни қўлга киритиб, такроран Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми “б” бандида кўрсатилган жиноятни содир этади.

Шу тариқа Фурқат Акрамов ўзининг жиноий ҳаракатларини яна давом эттириб, хонадонига келган Малика Рахимовани ҳам “қармоғига” илинтиради. Яъни унга эскичадан дуо ўқиб, уйига барака кириб келаётганлигини, шу мақсадда ишларини юриштириб юбориш эвазига икки дона оқ бўз мато, бир дона қўғирчоқ, бир дона ошхона пичоғи, икки дона тошчаларга дуо ўқиб, диний маросим ўтказиш учун вақтинча 2.518.545 сўм қийматига тенг 300 АҚШ долларини ва кейинчалик яна 100 АҚШ долларини устамонлик билан қўлга киритади.

Шундай қилиб, Фурқат Акрамов ўзининг юқоридаги жиноий хатти-ҳаракатлари билан М.Темированинг 3.445.302 сўм, Т.Мусаеванинг 1.546.515 сўм ва М.Раҳимованинг 3.358.060 сўм миқдоридаги пулларини фирибгарлик йўли билан олгани ва Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми «б» бандида кўрсатилган жиноятни қасддан содир этгани дастлабки тергов-суриштирув ҳаракатлари давомида ўз исботини топди.

Энди Фурқат юқоридаги жиноий ҳаракатлари учун қонуний жазо олиши муқаррар.

Муҳиддин ЗОКИРЖОНОВ,

Риштон туман ИИБ ҳузуридаги тергов

бўлими суриштирувчиси, катта лейтенант.