Афсус, минг афсус

Қордайин оппоқ соч-соқоли ўзига ярашган, тўй-тўйчиқ, иссиқ-совуқ маъракаларда доимо элга бош-қош Содир ота ва унинг кампири — бир гапириб, ўн куладиган, узоқ йиллар дастурхончилик қилиб, маҳалладошлари хизматида бўлган Роҳила хола ўғилларининг қилмишларидан хабар топгач, бошлари хам бўлди.

Қаддилари букилиб қўни-қўшни, маҳалла-кўйга ҳам аралашолмай қолишди. Қолаверса бирваракайига нобакор икки фарзанд доғи уларни адои-тамом қилди. Яшашдан умидлари сўнди…

Улар ҳаёт деб аталмиш бу ҳилқатнинг турли ташвишу-қувончларини бошларидан ўтказиб, икки фарзанд — Қобилжон ва Содиржонларни оқ ювиб, оқ тараб вояга етказдилар. Ўғилларининг қорнини тўқ, устини бут қилишиб, муҳтожликнинг “шарпаси”ни яқин йўлатмадилар. Икки ўғил, икки суянчиқлари ўрта мактабни битиришгач, бирор касб билан шуғулланиш йўлини танлашди.

Ёшлигидан Содиржоннинг қўлида гулдай ҳунари бор – дурадгорчилик қилиб эшик, ром, дераза ясайди. Қишлоқдаги бири-биридан гўзал бино ва иморатларнинг кўпида унинг меҳнати сингган. Барча уни “уста” деб ҳурматини жойига қўйишарди.

Қобилжон ҳам ишбилармон, моҳир усталардан бири бўлиб, автомобилларни таъмирларди. Мижозларини адоғи йўқ эди. Хуллас, уларнинг ҳар иккиси ҳам ҳунарни этагидан тутиб, “беш-тўрт” сўм пул топадиган бўлишди. Ўғилларининг топармон-тутармон, уйим-жойим дея ҳаракат қилаётганидан хурсанд бўлган  Роҳила хола бир кун ўғилларига  “Бўйларингдан ўргилай, болаларим. Мана, иккалангиз ҳам меҳнат қилиб, пул топиб, рўзғоримизни бут, оиламизни обод қиляпсизлар, минг шукур. Энди улғайиб қолдингиз. Тенг-тўшларинг аста-секин уйланиб, оила қуришяпти. Кўзимиз очиғида тўйларингни қилиб, агар насиб қилса набиралар кўрсак, уларни қўлимизга олиб, эркалаб, опичласак. Шунинг учун кўз остиларингга олган қизлар бўлса, отангиз билан маслаҳатлашиб, совчиликка борайлик, тўй ҳаракатига тушсакми, дегандик…” деди.

Суҳбатдан сўнг ака-ука тўй “режасини” туза бошлашди. “Қишлоқда ҳеч кимникига ўхшамаган қўшалоқ тўй қиламиз. Энг зўр тўйхонада юзлаб одамларга ош берамиз. Тошкентлик машҳур хонандалар хизматда бўлишади…”

Лекин тўйга анчагина сармоя кетишини бўлгач, ака-уканинг боши қотди. Шунча пулни қаердан топиш мумкин? Улар маслаҳатни пишитиб, кекса ота-оналарининг “қўй-қўй”ига ҳам қарамай, “хориж”даги бир “таниши”нинг алдовига учиб, ишлаш учун узоқ юртга йўл олишди.

Аввалига ака-укалар ота-оналарига соғ-саломат юришгани, лекин дурустроқ иш қидиришаётгани ҳақида қўнғироқ қилиб, хабар бериб туришди. Лекин мана, ярим йилдан ошибдики на Содиржондан ва на Қобилжондан дарак йўқ. Муштипар ота-она эса фарзандларининг бир оғиз овозини эшитишга зор-интизор.

Шундай кунларнинг бирида Содир ота ва Роҳила холани маҳалла идорасига шошилинч мажлисга чақиришди. Чол-кампир “маҳаллада бирор муаммо чиқиб қолибди шекилли. Майли, бориб маслаҳатимизни бериб, маҳалладошларимиз билан бир гурунглашиб келамиз-да”, деб Содир ота эшик орқасида турган ҳассасини қўлига олди.

Маҳалла идорасига тумонат одам йиғилганидан отахон масала чиндан-да жиддий эканлигини англади. Ҳамма йиғилгач, маҳалла раиси гапни узоқдан бошлади. Огоҳлик, тинчлик-хотиржамлик, меҳр-оқибат, юрт фаровонлиги, фарзандлар тарбияси ва унда ота-онанинг масъулияти ва ҳоказолар ҳақида куйиниб гапирди. Шу пайт маҳалла оқсоқоли тўсатдан Содир отани минбар ёнига чақирди-да, уни саволга тута бошлади:

-Содир ота, ўғилларингиз қаерда?

-Россияда,  ишлагани кетишган.

-Ҳозир қаерда ва қандай иш билан шуғулланишаётганидан хабарингиз борми?

— Йўқ. Анча бўлди, қўнғироқ қилмай қўйишди.

-Отахон, менга бу гапларни айтиш жуда оғир. Лекин атиги иккитагина фарзандингизга қандай тарбия бергансиз ўзи? Ўғилларингиз бугун Россияда эмас. Сурияда — террорчи қонхўрлардан таркиб топган ИШИДга аъзо бўлиб, у ердаги мақсадсиз жангу-жадалларда экан-у. Тасвирларни қўйинглар!

Катта экранда қирғинбарот уруш, ур-тўполон, портлашлар, чинқириқлар, вайрона бинолар ва … ерда тупроққа беланиб ётган жасадлар. Улар орасида дайди итдек ўлиб ётган Содир отанинг икки ўғли ҳам бор эди…

Содир ота бу ёғини эслай олмади. Ўзига келганида касалхонада ётган, ёнида юм-юм йиғлаётган кампири ўтирар эди.

Шу кўйи бир вақтнинг ўзида икки жигарбандидан жудо бўлган Роҳила хола ҳам тўшакка михланиб қолди. Нима қилсин бечора? Она – барибир она экан-да!

Содир ота эса қон ютиб, эзилиб, қадди камон бўлиб, бошини сарак-сарак қилиб, ўзи билан ўзи гаплашадиган бўлиб қолди: “Қаерда хато қилдим? Ўғилларимга пул топиб, тирикчилик қилиш ҳақида насиҳат қилаверибман-у, аммо киндик қони тўкилган шу азиз Ватанни эъзозлаш, қадрлаш ва унга хизмат қилиш ҳақида умуман сўз очмабман-а. Юртга хиёнат ҳеч қачон кечирилмайди, бу гуноҳи азим. Рост, болалар тарбиясида бирор марта ҳам бу сўзларни тилга олганимни эслолмайман. Агар гўдаклигидаёқ шу сўзларни уларнинг қалбига сингдирганимда эди бундай балоларга учрамаган, умрлари бевақт хазон бўлмасмиди. Аттанг, минг аттанг…”