Ўтмиш оҳангларидан таралган садо

Буюк ипак йўли Шарқ ва Ғарб мамлакатларини илк бор ўзаро боғлаган карвон йўли сифатида Ўрта Осиё халқларининг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳаёти тарихида муҳим аҳамият касб этган.

Бундай ўзаро алоқалар туфайли халқ оғзаки ижоди намуналари бўлмиш фольклор, томоша санъати, халқ ўйинлари, қўғирчоқбозлик, дор ва ёғоч оёқларининг қарор топиши ва бошқа миллат вакилларини мусиқа чолғу асбобларини кириб келиши элларнинг турмуш маданиятида беқиёс аҳамият касб этган.

Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан ҳар икки йилда бир марта “Буюк ипак йўли” халқаро фольклор мусиқа фестивалининг шаҳримизда ўтказилиши кўҳна Марғилон шаҳри ўзбек мусиқа санъати маданиятида ўзига хос ўрнига эга эканлигидан далолат беради.

Бу фестиваль Шарқ ва Ғарб мамлакатларининг азалий тарих ва маданиятини, энг аввало уларнинг оғзаки ижод намуналари бўлмиш фольклори мусиқада мужассам бўлганлиги учун ҳам миллатларнинг ўзига хос миллий қадриятларини, анъаналарини сақлаш ва ривожлантиришда бебаҳо манба бўлиб хизмат қилади.

1987 йилда ЮНЕСКО маданий тараққиёти бўйича БМТнинг умумжаҳон декадаси доирасида “Ипак йўли – мулоқот йўли” халқаро дастури қабул қилинган эди. Бу дастурда Ўрта Осиё халқларининг бой фольклор ижодиёти тарихини кенг қамровда тадқиқ этиш, Шарқ ва Ғарб мамлакатлари ўртасида янада мустаҳкам маданий ва маънавий алоқаларни ўрнатиш, ушбу қитъаларда яшовчи кўп сонли аҳоли ўртасида фольклор санъатининг ноёб намуналарини асраб-авайлаш ва ривожлантириш, уни кенг доирада тарғиб қилиш, ёш авлод қалбида ушбу санъат турига ҳурмат ва эътиқод туйғуларини кучайтириш, халқлар ўртасидаги дўстлик ва биродарлик ришталарини ўрнатиш назарда тутилган.

Ҳозирги кунда барча халқлар ижодиётида фольклорнинг турли йўналишлари кенг қўлланиб келинмоқда. Булар эпик ижод ( терма, мусиқий эртак, маддоҳлик, қиссахонлик, афсона, достон, ривоят, нақл, лоф, айтишув, бахшичилик, латифа), драматик ижод, (қўғирчоқбозлик, масхарабозлик, рақс, дор ва ёғоч ўйинлар, аския, қизиқчилик, халқ театри), эркин мавзули куй-қўшиқларга асосланган ижод (қўшиқ, лапар, ялла, қарсак ўйин, мадҳия, терма, ҳарбий мусиқа, бадиий сўз устаси, бадиий ўқиш), муайян шароитда ва оилавий маросимларга асосланган ижод (алла, ёр-ёр, ўлан,  марсия, тўй қўшиқлари, никоҳ тўйи, хатна тўйи, ақиқа, бешик тўйи, ёш тўйи, зиёфат, дастурхончи), мавсумий кўринишга асосланган ижод, (табиат, об-ҳаво, фасллар, деҳқончилик, чорвачилик, ҳунармандчилик, бадик, бадиҳа, бадиҳагўйлик), диний урф-одатлар ва маросимларга асосланган ижод (қироат, рамазон, азон, хайит, зикр, қаландар, амри маъруф, дарвишона) турларидан иборатдир.

Бу ижод кўринишлари барча халқларда бўлганидек ўзбек халқининг этник умумийлиги ва ижтимоий-иқтисодий шароитлари билан боғлиқ ҳолда шаклланган. Қолаверса, фольклор мусиқа меросида халқимизнинг тарихий урф-одатлари, дунёқараши, ижтимоий муносабатлари, орзу-умидларини ўзлари яшаб турган ҳудуддаги қадимий мероснинг ўзига хос кўринишлари халқона, нафис муносабат мавжудлиги асосида ўз турмуш маданиятида акс этган.

Ўтмишда фольклор мусиқа асарларини хаваскор хонандалар, яъни, гўянда, халфалар ижросида дўмбира, дутор чолғулари орқали якка, ансамбль ёки жамоа тарзида ижро этиб келишган. Буюк ипак йўли – қитъалараро карвон йўли орқали савдогарлар томонидан  турли халқларнинг мусиқа чолғу асбоблари халқларнинг турмуш маданиятига кириб келиши, чолғу созларининг уйғунлашувида ҳам алоҳида ўрин тутган. Бу эса фольклор мусиқа санъати ривожида энг муҳим ижтимоий ҳолатдир. Русларда балалайка, қирғизларда қиёқ, қўмуз, украинларда бандура, тожик, ўзбек, уйғур, туркман, қорақалпоқларда дутор, хинд ва покистонликларда ситор, араб, турк, форсларда уд чолғулари фольклор ижрочилигида кенг қўлланилиб, ҳозирги кунда бу чолғу асбобларининг турлари такомиллашиб, ижро имкониятлари кенгайиб, тараққий этмоқда.

Авлоддан авлодга ўтиб сайқалланиб келаётган ўзбек фольклор мусиқа санъати халқимизинг маънавий ва юксак бадиий салоҳиятини намоён этадиган ёрқин кўзгудир. Миллий маданиятимизнинг туб илдизи, жон томири ҳам фольклор санъатидир. Ўтмиш давр мураккаблигини енгиб, ўзининг гўзал шакллари, содда ва теран мазмуни, чуқур моҳияти билан умрбоқийлик касб этган ушбу қадимий санъат тури халқ бадиий ижодиётининг энг жозибали ва гўзал, миллатимизнинг турмуш тарзи ва дунёқарашини ифода этадиган азалий қадриятдир. Айни пайтда юртимизда фаолият кўрсатаётган “Бойсун”, “Бешқарсак”, “Гулёр”, “Омон ёр”, “Гулчеҳралар”, “Достон”, “Бесперде”, “Орзу”, “Ёр-ёр”, “Чавки”, “Моҳи-ситор” каби фольклор-этнографик ансамбллар бу санъат турининг ноёб намуналарини юртимизда кенг тарғиб қилишда, ўз ижодларида уни асраб-авайлаб ривожлантиришда, ўсиб келаётган ёш авлод қалбида санъатга бўлган меҳр-муҳаббат туйғуларини камол топтиришда муҳим ўрин тутмоқда.

Улуғбек РАҲМОНОВ,

Марғилон педагогика коллежи

мусиқа таълими махсус фан ўқитувчиси.