Ёзнинг ҳар куни болаларга байрам

Илгари хабар берганимиздек, вилоятимизда 21 та ёзги болалар оромгоҳларида болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш бўйича тайёргарлик ишлари ниҳоясига етказилди.

Биринчи мавсумда 3 минг нафардан зиёд болалар ва ўқувчи ёшлар ана шу оромгоҳларга қамраб олинди.

Шу кунларда вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги жамоатчилик Кенгаши аъзолари белгиланган чора-тадбирлар режасига асосан оромгоҳларга ташриф буюришиб, у ердаги шарт-шароитларни ўрганиб, дам олувчилар билан учрашувлар ўтказишмоқда.

Жумладан, Кенгаш аъзолари вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгашига қарашли “Ҳумо” болалар ёзги оромгоҳи фаолияти билан танишдилар. 300 ўринга мўлжалланган оромгоҳнинг 29 нафар педагог-ходимдан иборат жамоаси  болажонларни кўнгилли ҳордиқ чиқаришлари учун барча имкониятларни ишга солишяпти.

Кутубхона, компьютер хонаси, инглиз тили, япон тили, “Моҳир қўллар”, рассомчилик, вокал, “Ёш пиёда” , “Янги ўйин ўргатамиз!”, “Аудит” каби қизиқарли тўгаракларнинг фаолият олиб бораётганлиги болаларда катта қизиқиш уйғотмоқда.

Бешта эзгу ташаббус бўйича тадбир ва танловлар,   “Умид ниҳоллари”, “Ўзбекистон – ватаним маним!”, “Эртак ҳузурида меҳмонда” каби мавзуларда кеча ва мусобақалар ўтказилиб келинмоқда.

Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши тасарруфидаги “Ниҳол” болалар оромгоҳи вилоятдаги энг намунали оромгоҳ сифатида эътироф этилган.  Шу боис ушбу масканда вилоятимизда ёзги соғломлаштириш мавсумига тайёргарлик ишларининг бориши юзасидан семинар ўтказилган эди.

Куни кеча оромгоҳ 242 нафар болалар ва ўқувчиларни ўз бағрига олди. Оромгоҳнинг очилиш маросими байрамона кўринишда ўтказилди.

Оромгоҳдаги дастлабки маънавий-маърифий тадбирлардан бири вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги жамоатчилик Кенгаши аъзолари  билан учрашув бўлди, — дейди оромгоҳ раҳбари Куртзаде Умерова.- 10 нафар нуронийларнинг фаол вакиллари оромгоҳда яратилган шарт-шароитлар билан танишдилар. Дам олувчилар билан қизғин суҳбат-мулоқот ўтказдилар. 1500 та китоблар жамланган кутубхонадаги мутолаа жараёнига ҳам юқори баҳо бердилар.

Дарҳақиқат, болаларнинг дам олиш мавсуми  қувончли лаҳзалар билан бошланди. Оромгоҳ эгологияси мусаффолигини таъминлаётган мевазор боғ, сузиш ҳавзаси, барча қулайликларга эга хоналар дам олувчиларга кўтаринки кайфият бағишлайди. 5 маҳал таомланиш режими йўлга қўйилган.Болалар дастурхонидан бирор кун олма, ўрик, гилос мевалари узилмайди. Оромгоҳ директор ўринбосари Илёс Абдужалилов, тарбиячилар Умида Фармонова, Нозима Мамажонова, етакчи Саиджон Тожалиев каби ёшларнинг саъй-ҳаракатлари билан оромгоҳда маънавий-маърифий тадбирлар, спорт  мусобақалари, турли танловлар ўтказилиши йўлга қўйилди.

Фарғона шаҳридаги Меҳрибонлик уйининг 114 нафар тарбияланувчилари ёзги таътил муносабати билан Қувасой шаҳри Лашкар қишлоғида жойлашган қадрдон дала ҳовлиларига яъни “Меҳнат-Роҳат” оромгоҳига кўчиб келдилар. Тарбияланувчиларнинг қувончлари шу қадар чексизки, энг яхши нарсалар уларга аталган.

Болаларга кўрсатилган ғамхўрлик ва эътиборни сўз билан ифодалаш қийин,- дейди оромгоҳ директори Ёқутхон Жаҳонова. – 1июнь Халқаро болаларни  ҳимоя қилиш куни ва муборак Ҳайит байрами арафасида Меҳрибонлик уйига ҳомийлар томонидан 8 та компьютер жамланмаси,  сўнгги русумдаги уй киноатеатри, спорт анжомлари, спорт зали учун гиламлар, хона совутгичи, бадиий китоблар ҳадя қилинди.

Меҳрибонлик уйининг ўсмир ўғиллари, навраста қизлари орасида спорт ишқибозлари, гимнастикачилар, рассомлар ва китобсеварлар ҳам бор.  Фаррух Тусин одоби, билим олишга иштиёқи билан тарбияланувчиларга ўрнак бўлиб келяпти.

Болаларнинг дала ҳовлисига кирган кишининг баҳри-дили очилади. Вилоят ҳокими эътибори ва кўрсатмаси билан оромгоҳда бешта айвонча қуриб битказилди. Мамлакатимизда кенг қанот ёзган бешта ташаббус намуналари ана шу айвончаларда ўтказилади. Мевали ва манзарали дарахтлар соясида мароқли ўйинлар, суҳбатлар ўтказишга не етсин?!

Ёзнинг ҳар бир куни болалар учун байрам бўлиши керак. Бу борада мутасаддилар оромгоҳларда моддий ва маънавий имкониятлар кўламини янада кенгайтиришлари зарур.