Ёшлар иш билан таъминланмоқда

“Yoshlar-kelajagimiz” жамғармаси Бувайда тумани филиали томонидан ёшларнинг бандлигини таъминлаш борасида қатор ишлар амалга оширилди.

Жумладан, ўтган йил манзилли дастурга киритилган ёшларнинг 10 нафарига тадбиркорликни бошлаши ва фаолиятларини кенгайтиришлари учун имтиёзли кредитлар ажратилди.

Бу йил ҳам жамғарма ходимларининг саъйи ҳаракати билан ўзларининг бизнес лойихаларини тақдим қилган 41 нафардан зиёд ёшларга ваколатли банклар томонидан кредитлар ажратилиши баробарида 139 нафар уюшмаган ёшларни доимий иш билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда.

Бачқир қишлоғида яшовчи тадбиркор Исмоилжон Абдураҳмонов раҳбарлигида фаолият юритиб келаётган “Браво лак буёқлари” оилавий корхонаси бир неча йиллардан буён аҳолини шу маҳсулотга бўлган талабини қондириб келмоқда. Корхонани янада кенгайтириш учун банкдан 180 млн сўм кредит ажратилди ва 4 нафар ёшлар иш билан таъминланди.

-Қишлоғимизга саноатни олиб киришни ёшлигимдан орзу қилар эдим, — деди Янгиқўрғон маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Заҳрохон стил дизайн” хусусий корхонаси раҳбари, ёш тадбиркор Зиёда Жакбарали қизи Хайдарзода, — Яқинда корхонамизга ташқи иқтисодий фаолият “Миллий банк”и Бувайда туман филиали томонидан 175 млн сўм имтиёзли кредит олишга муваффақ бўлдик. Шу билан бирга 7 нафар ҳамқишлоқ ёшларни иш билан таъминладим.

Туман ҳудудида фаолият юритиб келаётган трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқараётган “Текс Савдо Фирдавс” хусусий корхонаси, “Иномов Хайитвой” оилавий корхонаси, “Имрон Текс” МЧЖ, гипс маҳсулотлари ишлаб чиқараётган ЯТТ “Мирзачўлзода Бобиржон Мансур ўғли”, эшик-ром тайёрлаётган ЯТТ “Носиров Нуриддин Илҳомжон ўғли”, ёғочни қайта ишлаб, ундан санъат асари даражасидаги буюмлар бунёд этаётган “Muxtasham ko’shk invest” оилавий корхонаси учун ҳам банклардан имтиёзли кредитлар ажратилди ва натижада кўплаб ёшлар учун янги иш ўринлари яратилди.