Истиқболли ҳамкорликнинг янги лойиҳалари

Фарғона вилоятини замонавий тараққиёт мезонлари асосида ривожлантиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир

Мамлакатимиз тараққиётининг бугунги босқичида Ўзбекистон ва Жанубий Кореянинг кўп қиррали ҳамкорликдаги ўзаро тенгшериклик, ҳамфикрлик ва ҳаммаслаклик тамойилларига асосланган дўстона муносабатлари сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилди.

Бу борада Фарғона вилояти ва Жанубий Корея ўртасида кенг қамровли тадбиркорлик, тиббиёт, мактабгача таълим сингари соҳалардаги ҳамкорлик алоқалари тобора ривожланиб бораётгани эътиборга сазовордир.

Таъкидлаш жоизки, Фарғона вилоятини ривожлантириш лойиҳаси доирасида айни пайтда Жанубий Кореялик тадбиркорлар билан ҳамкорликда ўнлаб эзгу ташаббуслар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Замонавий кўп қаватли уй-жойлар қурилиши, муҳташам меҳмонхоналар, савдо ва тантаналар мажмуалари, спорт-соғломлаштириш марказлари қуриш борасидаги изчил саъй-ҳаракатлар икки томонлама манфаатли келишувлар сирасига киради.

Шу йилнинг 9 май куни Фарғона шаҳри марказида Жанубий Кореянинг “Chang constructruction group” компаниясининг “Model house” меҳмонхоналарни сотиш ва реклама қилиш биноси қурилишига тамал тоши қўйилишига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Тантанали тадбирда вилоят фаоллари, вилоятимизда истиқомат қилаётган турли миллат вакиллари, корейс миллий маданий маркази аъзолари, тадбиркорлар ҳамда Жанубий Кореядан ташриф буюрган бир гуруҳ меҳмонлар қатнашди.

Тадбирда вилоят ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Шуҳрат Ғаниев иштирок этди.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ва Жанубий Корея Президенти Мун Чжэ Иннинг амалга оширилган расмий ташрифлари, ўзаро делегациялар алмашиш соҳасидаги дўстона муносабатларимизнинг ривожланиши бу каби истиқболли йирик лойиҳаларни амалга ошириш имконини бермоқда,-деди вилоят ҳокими. – Маълумки, кореялик ҳамкорларимиз томонидан яқин истиқболда Фарғона шаҳрида замонавий кўп қаватли уй-жойлар, меҳмонхона, тантаналар маркази, болалар боғчалари ва соғломлаштириш мажмуаларини қуриш режалаштирилган. Яқин йилларда бу сингари кўплаб лойиҳаларни амалга оширишда мазкур иншоот ўзига хос марказ вазифасини бажаради.

Тантанали тадбирда вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев, “Chang constructruction group” компанияси директори Чи Чанг Ги  “Model house” биноси қурилиши учун рамзий биринчи ғиштни қўйишди. Тадбир қатнашчилари ушбу тарихий жараённи гулдурос қарсаклар билан олқишладилар.

Бугунги қувончли кунда бизга ҳамроҳ бўлаётгани учун барчага миннатдорчилик билдираман,-деди жаноб Чи Чанг Ги. – Ишонаманки, бу бино яқин келажакда ўзаро ишончли ва дўстона ҳамкорлигимиз рамзи сифатида Фарғонанинг тарихий музейига айланади.

Бу Фарғона вилоятида яқин йилларда амалга оширмоқчи бўлган инвестициявий лойиҳаларимизнинг дастлабкиси бўлиб, келгусидаги ҳамкорлик кўламини ҳар томонлама ривожлантиришда муҳим омил бўлади.

Шуни мамнуният билан эътироф этиш керакки, мазкур лойиҳага Жанубий Корея компанияси инвестиция киритади. Қурилиш ишлари эса вилоятимиз тадбиркорлари томонидан амалга оширилиши кўзда тутилган. Шу мақсадда яқинда бир гуруҳ вилоятимизнинг қурилиш соҳасида ихтисослашган тадбиркорлик субъектлари мутахассислари Жанубий Кореяда бўлиб, бу борадаги амалий тажрибаларни ўрганиб келишди. Демак, лойиҳа доирасида белгиланган қурилиш-бунёдкорлик ишларини ўз вақтида ва сифатли бажариш учун тадбиркорларимизда билим ҳамда салоҳият етарлидир. Бу эса лойиҳани муваффақиятли амалга ошириш имконияти мавжудлигидан далолатдир.

Тадбирда вилоятимизда фаолият кўрсатаётган корейс миллий маданий маркази аъзолари, ёш ва умидли санъаткорларимиз томонидан турли тилларда қўшиқлар куйланди. Жозибали рақслар ижро этилди.

Тантанали тадбир якунида миллий удумларга кўра меҳмонлар ва мезбонлар бир-бирларига совғалар ҳадя этдилар.