Раҳбарнинг қабиҳ мақсади

Ҳаётда инсофу диёнатли одамлар кўп. Улар билан дунё ҳаловатли ва файзли. Улар одамийликни зийнатлаган, виждони уйғоқ инсонлардир.

Бироқ  шундай кимсалар ҳам борки, уларнинг қилмишларидан жамият ҳам, одамлар ҳам бирдек азият чекади.

Илгари ҳам бир неча марта жавобгарликка тортилган, амнистия акти билан озод этилсада қилмишларидан тўғри хулоса чиқармаган ва яна жиноятга қўл урган Аббос Азизовнинг кирдикорлари ҳам ана шу хулосаларимизга сабаб бўлди.

Судланувчи А.Азизов вилоят “Агрокимёҳимоя” ҲАЖ бошқаруви раиси лавозимида ишлаб мансаб мавқеини суиистеъмол қилди. У ўзига топширилган жуда кўп миқдордаги мулкни такроран растрата қилиш орқали талон-тарожликка йўл қўйди.

Жумладан, Аббос Азизов жамият бошқаруви раиси сифатида зараркунандаларга қарши курашиш ҳамда фавқулодда вазиятларда ҳосилни сақлаб қолишни таъминлаш бўйича ҳаражатларни қоплаш учун вилоят маҳаллий бюджетидан ажратилган 1 000 000 000 сўм миқдоридаги маблағларни ва маҳсулотлар етказиб берилганлиги тўғрисидаги сохта ҳисоб-фактураларни тайёрлаб, кимёвий воситалар заҳирасини яратиш чораларини кўрмасдан келган.

У жамият раиси сифатида ажратилган маблағларни ўрнатилган тартибда мақсадли сарфлаш ўрнига ўз вазифасига лоқайдлик билан қараган. Натижада 2018 йилнинг 9 ойи давомида ғалла ва ғўза зараркунандалари, бегона ўтларга қарши курашиш учун 14 турдаги қиймати 8.863.264,0 минг сўмлик кимёвий воситалар идоралараро комиссия йиғилиш баёнида кўрсатилган меъёрга нисбатан ортиқча сотиб олинишига йўл қўйилган. Баёнда кўрсатилмаган 10 турдаги қиймати 4.568.817,0 минг сўмлик кимёвий воситалар сотиб олиниши туфайли жамият манфаатларига жиддий зиён етказилган.

А.Азизов раҳбар сифатида дебитор ва кредитор қарздорликларни ўз вақтида тўланишини ташкил этиш ҳамда назорат қилиш вазифаларига ҳам совуққон муносабатда бўлган. Бундан ташқари у жамият ишчи ходимларининг намунавий лойиҳада қурилаётган уй-жойлари дастлабки бошланғич бадал пули сифатида тўлаб берилган маблағлардан, 19 нафар ишчи-ходимлар ҳисобидаги 686.500.670 сўм миқдоридаги қарздорликни ундириш бўйича бирор-бир амалий чоралар кўрилишини назорат қилмаган.

Айбдорнинг қинғир ишлари шу билан тугамайди. Қўлимиздаги ҳукм баёнида унинг яна бир қатор қонунга зид ҳаракатлари ўз аксини топган. Гувоҳларнинг кўрсатмалари ва далиллар туфайли жиноий иш тафсилотлари тўлиқ ойдинлашди.

Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар суди айбдорга нисбатан етти йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.