Фермер мўл ҳосил кўзлаяпти

Бағдод туманида 183 та фермер хўжаликлари томонидан 8085 гектар ердаги ғалла майдонларида мўл ҳосил етиштирилди.

Айни кунларда туманда ғалла ўрим-йиғим мавсумига жиддий ҳозирлик кўрилиб, 22 та отрядга 22 та энг замонавий комбайнлар бириктирилди.

“Бағдод маш холдинг” МЧЖ ва фермер хўжаликлари ўртасида шартнома имзоланиб, ҳосилни ўз вақтида ва сифатли йиғиштириб олиш бўйича тайёргарлик ишлари ниҳоясига етказилмоқда.

Бу йил 53 гектар ерда парваришланган буғдой ҳосили салмоғи астойдил қилинган меҳнатимиздан далолатдир, – дейди тумандаги “Собиржон Самарқанд” фермер хўжалиги раҳбари Собиржон Тешабоев. – Фермер хўжаликларини ривожлантириш учун катта эътибор ва рағбат кўрсатилиб, фаолиятимиз ҳар томонлама қўллаб-қувватланяпти. Бундай имкониятлардан унумли фойдаланяпмиз ва жорий йилда ҳар гектар ердан 80 центнердан зиёд ғалла ҳосили олишни режалаштирганмиз.