Ёшларга фидойилик ярашади

Бешариқ туман ҳокимлиги, “Маҳалла” жамоат фонди туман бўлими, бандликка кўмаклашиш маркази, банклар, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман Кенгаши ва жамоат ташкилотлари томонидан давлатимиз раҳбари илгари сурган 5 та муҳим ташаббуснинг ижросига қаратилган “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди ва шунга кўра қатор тадбирлар амалга оширилмоқда.

Туманда яшаб, ижод қилаётган маданият ходимлари ва санъаткорлар умумтаълим мактабларидаги мусиқа тўгаракларига бириктирилди. Шу тариқа айни кунларда тумандаги барча маданият марказларида 99 та мусиқа тўгараклари фаолият олиб бормоқда. Мактаб ва касб-ҳунар коллежларида ташкил қилинган 330 та спорт тўгаракларида ўн беш мингга яқин ёшлар иштирокида жисмоний чиниқтириш машғулотлари ўтказиб келинмоқда. Шунингдек, 51 та умумтаълим мактабларидаги 63 та компьютер хоналари 1003 та оргтехника жамланмалари билан таъминланган. Мактаблар ҳамда коллежлардаги 58 та кутубхоналарнинг 24175 нафар фойдаланувчилари бор.

Юлдузхон Тўраева фидойи-тадбиркор ёшлардан. У “Голден сити” фитнес спорт комплексини ташкил этиб, “Агробанк” АТБ Бешариқ филиалидан 950 млн. сўм имтиёзли кредит олди ва 4 та янги ишчи ўрни яратди.

Ёш тадбиркор Юлдузхон бу билан кифояланиб қолмай, ҳамқишлоқ хотин-қизларни иш билан таъминлаш мақсадида тикувчилик цехи ҳам ташкил этган. “Агробанк” АТБ Бешариқ филиалидан олинган 500 млн сўм имтиёзли кредит эвазига хорижда ишлаб чиқарилган замонавий тикув дастгоҳлари сотиб олди ва 40 та янги ишчи ўрни яратиб фаолият олиб бормоқда.

Туманда фаолият юритиб келаётган ёш тадбиркорлардан Рафис Шайхулин, Исломхон Исматуллаева, Равшанбек Ҳайитбоевлар тикувчилик йўналишидаги корхоналари орқали аҳолига беминнат хизмат кўрсатиш билан бирга 12-15 нафардан ёшларни иш билан таъминлаганлар.

– Туманимизда 5 та муҳим ташаббус ижросини таъминлаш мақсадида яқинда “Марказий ўйингоҳ”да “Фарғона юлдузлари” деб номланган хайрия концерти ташкил қилинди, – деди Ўзбекистон ёшлар иттифоки Бешариқ туман Кенгаши раиси Азизбек Ғофуров. – Унда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Тўлқин Ҳайдаров, Яҳёбек Мўминов, хушовоз хонандалар Набижон Ҳамроев, Қаҳрамон Тўхтасинов, Отабек Ғозиев ҳамда “Наврўз” гуруҳи аъзоларининг она-Ватан, тинчлик  ва беғубор ёшликни мадҳ этган дилтортар қўшиқлари 4000 дан ортиқ ёшлар ҳамда туманимиз аҳолисига ғоят манзур бўлди.

Шу куни велопойгачилар, каратэ, қўл жанги, бадиий гимнастика ва бошқа спорт турлари бўйича кўргазмали чиқишлар, маҳалла фуқаролар йиғинлари томонидан қўл меҳнати кўргазмалари ташкил этилди.