Адабиёт туташтирган манзиллар

Марғилон шаҳридаги Эркин Воҳидов номли истироҳат боғи ижодкорлар ташрифи билан байрамона файзга тўлди.

Республика Ёзувчилар уюшмаси  раиси ўринбосарлари  Минхожиддин Мирзо ва Нодир Жонузоқ,   Муҳаммад Юсуфнинг турмуш ўртоғи, адиба Назира ас-Салом,  Андижондаги  Ўзбекистон халқ шоири  Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактаби ўқувчилари карнай-сурнай садолари остида кутиб олинди.

Ижодга меҳри юксак ёшлар меҳмонларни шеърлар билан қарши олдилар. Йиғилганлар Эркин Воҳидов ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйишди.

Ўзбекистон  Ёзувчилари уюшмаси вилоят бўлими раҳбари  Энахон Сиддиқова ҳамроҳлигида меҳмонлар  уюшма вилоят бўлимининг биноси, моддий-техник базаси,  ёш ижодкорларга яратиб берилган шароитлар ва ижодий муҳит билан танишишди.

Шундан сўнг барча иштирокчилар Эркин Воҳидов номидаги  истеъдодли ёшлар мактаб интернати залига тўпландилар. Мактаб интернатнинг иқтидорли ўқувчилари томонидан ўқилган шеърлар андижонлик тенгдошларининг ижодий чиқишлари байрамга шукуҳ бағишлади.

Президент томонидан туҳфа қилинган автобусда Муҳаммад Юсуф номидаги мактаб интернати ўқувчилари Фарғона вилоятига меҳмон бўлиб келди, – деди Минхожиддин Мирзо. – Бу юракларни туташтириб турган улуғ макон адабиётдир. Ҳар бирингизга адабиётнинг йўлчи юлдузи бўлишни тилайман.  Ҳали йиллар ўтиб, мана шу жойда ўтирган  қизларимиз, йигитларимиз сафидан ўз даврининг Эркин Воҳидовлари, Чўлпон, Фурқатлари, Нодирабегим, Увайсийлари етишиб чиқади.

Адабиёт байрамида вилоят ҳокимининг ўринбосари Ф.Қосимов иштирок этди.