Олий таълим: танқид, таҳлил, таклиф

Халқаро пресс клуб вилоят тадбиркорлар марказида “Ўзбекистонда олий таълим тизими: ислоҳотларнинг янги босқичи, муаммоларнинг чуқур таҳлили ва тезкор ечимлар” мавзусида навбатдаги анжуманни ўтказди. Ойнайи жаҳон орқали тўғридан-тўғри эфирга узатилган ушбу учрашувда вилоят ҳокимлиги мутасаддилари, олий таълим муассасалари ректорлари ва проректорлар, талабалар, иш берувчи корхона, ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Учрашувни пресс клуб раҳбари Шерзодхон Қудратхўжаев ҳамда клуб бош продюссери Ғуломжон Самадов олиб борди.

Президентимиз раҳнамолигида ҳаётга изчил татбиқ қилинаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар жараёнида ёшлар бандлиги устувор вазифа сифатида белгилангани бежиз эмас. Лекин кейинги вақтда олий таълим муассасаларида вужудга келаётган айрим камчилик ва муаммолар таълимдаги ислоҳотларни жонлантириш зарурлигини кўрсатмоқда. Водий вилоятлари қаторида Фарғонадаги олий таълим муассасаларида ҳам ана шундай камчиликлар борлиги аён бўлгани, пресс клубда очиқ-ойдин айтиб ўтилди.

Фарғонадаги олийгоҳлардан тайёрланган танқидий руҳдаги лавҳа эфирга узатилди. Хусусан, Фарғона политехника институтидаги ободонлаштириш юмушларига бепарво қаралаётгани, Фарғона давлат университети ва Тошкент тиббиёт академияси Фарғона филиали ўқув хоналарининг оғир аҳволи, ТАТУ Фарғона филиалида талабалар учун техника жиҳозларининг етишмаслиги, интернет тезлиги ва сифатининг пастлиги ана шу лавҳада аниқ мисоллар асосида намойиш этилди. Шунингдек, унда Қўқон педагогика институти олдида йўл ҳаракати хавфсизлиги масаласаси жиддий эътибор талаб қилаётгани, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг Фарғона минтақавий филиали ҳамда Тошкент давлат техника университети Қўқон филиали талабалар турар-жойларидаги бир қатор вазиятлар таҳлил этилди.

Кўтарилган муаммолар юзасидан олий таълим муассасалари раҳбарларига турли саволлар берилди. Ректорлар ва филиаллар директорлари мавжуд вазият ва уни бартараф этиш бўйича ўз фикрларини баён қилдилар.

Олий таълим ривожига қаратилаётган юксак эътибор ва рағбат туфайли кейинги йилларда мамлакатимизда дунёнинг энг ривожланган давлатлари олий ўқув юртлари филиаллари ташкил этилди. Бу эса ўз навбатида соҳада миллий ва хорижий тажрибани таққослаш имконини ҳам бермоқда. Пресс-клубда айни шу хусусиятлар ҳақида ҳам сўз юритилди. Ушбу мавзу юзасидан Латвиянинг Ахборот тизимлари менежменти Олий мактаби (ISMA) Президенти, профессор ва академик Роман Дьяконнинг фикрлари тингланди.

Халқаро пресс клубда амалиётчи корхоналар ва соҳа меҳнат фахрийларининг ҳам фикрлари эшитилди. Таълим муассасаларида эски ва яроқсиз дарсликлардан фойдаланилаётганига танқидий баҳо берилди. Талабаларнинг мутолаа маданиятини ошириш, китоб қадри ҳақида қимматли мулоҳазалар таъкидлаб ўтилди.