Халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгашларининг навбатдан ташқари қўшма сессияси

Шу йилнинг 7 июнь куни вилоят ҳокимлигининг катта мажлислар залида халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгашларининг навбатдан ташқари қирқ тўртинчи қўшма сессияси бўлиб ўтди.

Сессияда вилоятдан сайланган Олий Мажлис Сенати аъзолари, халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгашлари депутатлари, доимий комиссиялар раислари, Олтиариқ ва Қува туманлари, Қувасой шаҳри ҳокимлари ҳамда уларнинг ўринбосарлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, иқтисодиёт, халқ таълими, мактабгача таълим, соғлиқни сақлаш бошқармалари, тижорат банклари, давлат ва нодавлат ташкилотлари раҳбарлари, вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги жамоатчилик Кенгаши аъолари ва ОАВ ходимлари иштирок этди.

Сессия ишини вилоят ҳокими, халқ депутатлари вилоят Кенгаши раиси Шуҳрат Ғаниев очди ва олиб борди.

Қўшма сессия кун тартибига киритилган дастлабки масала – Президентнинг жорий йил 27 май кунги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижроси юзасидан вилоят ҳокими Ш. Ғаниев маърузаси тингланди.

Таъкидланганидек, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни қарор топтиришда масъул идоралар белгиланган бўлса-да, ҳар биримиз масъулиятсизлик ва адолатсизликка нисбатан муросасизликни ўзимиздан бошлашимиз зарур. Шунда мудраётган мансабдор уйғонади, зиммасида қандай масъулият борлигини ҳис этади.

Вилоятда коррупция ҳолатларини бартараф этиш ва унинг олдини олиш борасида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилди. Вилоят  ҳуқуқни мухофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда 2018 йил давомида олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида фуқаролар ва тадбиркорларнинг ўз ҳуқуқларини эркин амалга оширишларига тўсқинлик қилган 3 нафар солиқ, 9 нафар банк, 19 нафар ички ишлар, 4 нафар олий ва ўрта махсус таълими, 18 нафар ҳалқ таълими, 10 нафар мактабгача таълим тизимидаги мансабдор шахслар, 80 нафар бошқа корхона, муассаса ва ташкилотларнинг мансабдор шахслари томонидан коррупция ва бошқа мансабдорлик жиноятлари содир этилганлиги аниқланиб, жиноят ишлари қўзғатилди.

Коррупциянинг энг ижтимоий хавфли кўриниши – порахўрлик билан боғлиқ жиноятларга қарши курашиш борасида 9 та ҳолатда мансабдор шахсларнинг жиноятлари фош этилди. Жорий йилнинг ўтган 5 ойи мобайнида коррупцияга қарши курашиш соҳасида олиб борилган чора-тадбирлар ўз самарасини бергани сабабли ушбу йўналишдаги жиноятлар вилоятда  кескин камайишига эришилди. Ҳисобот даврида 4 нафар соғлиқни сақлаш ва 5 нафар мактабгача таълим тизимидаги мансабдор шахслар коррупция билан боғлиқ жиноятларни содир этганлиги учун жиноий жавобгарликка тортилди.

Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисда”ги Фармонида халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгашларининг таркибида коррупцияга қарши курашиш комиссияларини ташкил этиш белгиланганди. Комиссиялар зиммасига жойларда коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ишларнинг ҳолатини комплекс ўрганиш, коррупция кўринишлари намоён бўлишига олиб келадиган тизимли муаммолар ва коррупциянинг ҳолати тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари бўйича қўмиталарига ушбу соҳадаги фаолиятни такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритган ҳолда мунтазам равишда ахборот бериб бориш вазифалари юклатилди.

Сессияда мазкур Фармон ижроси ва унинг мазмун-моҳияти юзасидан халқ депутатлари вилоят Кенгашининг қонунийлик, ҳуқуқ-тартибот ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича доимий комиссияси раиси, Раъно Бойқўзиева, “Фарғона ҳақиқати”-“Ферганская правда” газеталари бош муҳаррири, вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги жамоатчилик Кенгаши аъзоси Аҳмадали Тешабоев ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Кун тартибидаги навбатдаги масала муҳтарам Президентимизнинг 2019 йил 6-7 май кунлари вилоятимизга ташрифи давомида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга қаратилди. Вилоят ҳокими сессия иштирокчиларига вилоят фаолларининг Фарғона аҳлига “Саноат, тадбиркорлик ва инвестицияни ривожлантиришда камарбаста бўлайлик!” деб номланган Мурожаатини ўқиб эшиттирди.

Қайд этилганидек, вилоят аҳолисини тадбиркорликка кенг жалб этиш мақсадида “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида 800 миллиард сўм имтиёзли кредит ажратиш кўзда тутилган. Кредит маблағларини ўзлаштириш юзасидан ойма-ой режа жадвали ишлаб чиқиб, жорий йилнинг 1 августига қадар белгиланган маблағни тўлиқ ажратиш зарурлиги режалаштирилган.

Ўз навбатида 2019-2020 йилларда Фарғона вилоятини комплекс ривожлантириш дастури доирасида 682 та инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, лойиҳаларда 26,4 трлн. сўм, шу жумладан 2,5 млрд. доллар миқдорида хорижий инвестициялар ўзлаштирилиши зарур. Шунингдек, Олтиариқ туманида узумчилик кооперациясини ташкил ташкил этиш учун 3 минг гектар ер майдони ажратиш ва 15 млн. дона узум кўчатини етиштириш вазифаси белгиланган. Қува туманида 2 минг гектарда анорзор ҳамда Қувасой шаҳрида 2 минг гектарда гилосчилик кооперациясини ташкил этиш борасида изчил саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Сессияда Олтиариқ ва Қува тумани, Қувасой шаҳри ҳокимларига бу борада белгиланган вазифалар ижросини янада жадаллаштириш бўйича амалий тавсиялар берилди.

Музокарада вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги жамоатчилик Кенгаши раиси Холматжон Комилов сўзга чиқиб, вилоятимизнинг экспорт салоҳиятини юксалтириш ва аҳоли даромадларини оширишда бу ташаббусни тўлиқ рўёбга чиқариш муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади.

Қўшма сессияда депутатлар томонидан вилоят ҳокими қарори билан вазифага тайинланган Фарҳоджон Тошпўлатов вилоят ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича ўринбосари, Ҳалимжон Умаров вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари, Жамшед Хатамов вилоят ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари лавозимига тасдиқландилар.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 июндаги фармойишига асосан Фарғона вилоятидаги Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси мудири вазифасини бажарувчиси этиб тайинланган Иброҳим Тургунов сессия иштирокчиларига таништирилди.

Қўшма сессияда кун тартибидаги барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.