Ўзбекистон – болалар нигоҳида

Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни тадбирлари доирасида вилоят гимнастикага ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактабида ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари ўртасида мусобақа ўтказилди.

“Ўзбекистон – болалар нигоҳида” деб номланган мазкур мусобақада сўзга чиққан ҳарбий қисмнинг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича бўлим бошлиғи, майор Жалол Тўрабоев, маънавий-маърифий ишлар бўйича маслаҳатчи Марғуба Жўраева, хотин-қизлар ва ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари билан ишлаш бўйича етакчи мутахассис Юлдузхон Ғофуровалар юртимизда ёш авлод камолоти йўлида олиб борилаётган эзгу ишлар ҳақида сўз юритдилар.

Ўғил-қизлар икки гуруҳга бўлинган ҳолда спортнинг шахмат, шашка, арқон тортиш, тўп ташлаш, тўсиқлар оша ўтиш ва бошқа спорт турлари бўйича беллашиб, ўз чаққонликларини намойиш этдилар.

Якунда болажонларга ҳарбий қисм маъмуриятининг фахрий ёрлиқ ва китоб жамланмаларидан иборат эсдалик совғалари топширилди.