Дардларга дармон мурувват

Шу йилнинг 29 май-4 июнь кунлари “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди Фарғона филиали томонидан олийжаноб ташаббус амалга оширилди.

Вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида кореялик юқори малакали шифокорлар томонидан 300 нафардан зиёд болалар тиббий кўрикдан ўтказилди, 43 нафар куйишдан кейинги асоратлари бўлган, туғма лаб-танглайида нуқсони бор болаларда жарроҳлик амалиёти қўлланилди.

Айтиш жойизки, Корея Республикасининг Ёнсей университети “Severance” госпитали 2014 йилдан буён мамлакатимизда болаларни соғломлаштириш лойиҳаларини амалга ошириб келади. Госпиталнинг профессорлари Ким Юнг, Шин Ён Коуй ва Миср Араб республикаси Қоҳира шаҳри “Кейру” клиникаси малакали жарроҳи Муҳаммад Ҳусайн  ва бошқа мутахассис-шифокор, ҳамшираларнинг вилоятимизда ногирон болаларда олиб борган мазкур амалиётлари  жуда муваффақиятли ўтди.

Шу йилнинг 31 май куни тиббиёт марказида шифокорлар фарғонача хушмуомалалик билан кутиб олишди ва палатага жойлаштиришди. – дейди Қорақалпоғистоннинг Тахятош туманидан келган Муҳаббат Худойберганова. –Қўли енгил шифокорлар14 ёшли қизим Наргизанинг туғма қулоқ нуқсонини бартараф этишди. Улардан бир умр миннатдорман.

Кўзида севинч ёшлари билан миннатдорчилик изҳор этган Тошлоқ тумани Садда МФЙ Терактаги кўчасида истиқомат қилувчи Дилдора Тошматованинг 5 ёшли фарзанди Муҳаммадризо меҳр-муравват билан туғма нуқсондан халос бўлди.