Саломатлик – бебаҳо бойлик

Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун ўтказиб келинаётган “Ташаббус” кўрик-танловининг “Хизмат кўрсатиш соҳасида йилнинг энг яхши тадбиркори“ номинацияси бўйича ўтган йилги ғолиби Абдумалик Эргашев раҳбарлигидаги “Farg’ona tibbiy diagnostika” масъулияти чекланган жамияти тиббий хизмат сифатини ошириш борасида бир қатор эзгу ишларни амалга оширмоқда.

Юртимизда тиббиёт йўналишига, айниқса тиббиёт бўйича хусусий секторга яратиб берилаётган шарт-шароитлар, имкониятлар туфайли бугунги кунга келиб диагностика марказида 70 нафарга яқин турли тоифадаги мутахассислар фаолият олиб бормоқда.

Уларнинг 20 нафарини ёшлар ташкил этмоқда. Марказда 430 хилдан зиёд қон, сийдик ва бошқа физиологик ажралма таҳлиллари амалга оширилмоқда. Шунингдек, ультратовуш текширувлари, нейросонография, эхокардиография, қон томирларни дуплексли сканерлаш, ошқозон-ичак фиброгастроноскоп текширувлари, неврологик, юрак қон томир текширувлари, “ЭхоКГ”, “ЭКГ”, рақамли рентген, мультиспиралли компьютер томография текширувлари орқали 10 хилга яқин муолажалар йўлга қўйилган.

Диагностика маркази ўтган 8 йил ичида таҳлиллар, тиббий текширувлар ўтказиш борасида муайян ютуқларга эришди, замонавий тиббий ускуналар сони ортди. Шундан келиб чиққан ҳолда банк кредити эвазига Туркияда ишлаб чиқарилган  урофлометр ва литотриптер ускуналарининг олиб келиниши шифо масканидаги имкониятларни кенгайтирди. Ушбу ускуна хизмати билан 40-50 дақиқагача бўлган вақт ичида беморларда ҳеч қандай жисмоний таъсирсиз, кесмасдан, тиғсиз ва оғриқсиз амалиёт бажарилмоқда. Электромагнит литотриптернинг яна бир афзаллиги беморга анестезия керак эмаслиги ва кейинги асоратларнинг камайганлигидир.

2015 йилдан бошлаб диагностика маркази томонидан камқонлик, қандли диабет касалликларини олдини олиш, қондаги қанд миқдорини аниқлаш таҳлиллари, қалқонсимон без текширувлари бепул амалга ошириб келинмоқда. Ушбу хизматлар қаторига 2018 йилдан бошлаб буйрак йўллари касалликларини олдини олиш ва эрта аниқлаш бўйича  текширувлар ҳам қўшилди. Ўтган йилнинг сентябрь ойидан бошлаб марказда аёллар бепуштлигининг олдини олиш ва ташҳислаш бўйича муолажалар самарали амалга оширилмоқда.

Бугун “Farg’ona tibbiy diagnostika”да нафақат водий вилоятлари балки, Тожикистон, Қирғизистон, Доғистон каби яқин хориж давлатларидан ҳам беморлар келиб, шифо топмоқдалар. Бу қулайликларнинг давоми сифатида яқиндагина Бувайда туманининг Янгиқўрғон қишлоғида марказ филиали иш бошлади. Ана шундай филиаллар тез орада Қува тумани ва Марғилон шаҳрида ҳам ташкил этилади. Қолаверса, жамият аъзолари келгусида Туркия билан ҳамкорликда Фарғонада клиника очиш ташаббусини ҳам илгари суришмоқда.

– Ютуқлар билан тўхталиб қолиш йўқ. Жамоамиз билан янги мақсадларни белгилаб олганмиз, – дейди жамият таъсисчиси Азимжон Мирзалиев. – Зеро, инсон манфаатлари деганда, аввало инсоннинг саломатлиги, замонавий тиббий хизматдан тўлақонли фойдаланиши ҳам назарда тутилади. Бу йўлда биз ҳам бор куч ва имкониятларимизни ишга соламиз. Шу ўринда юртдошларимизни динимизнинг муқаддас байрами Ийд Рамазон ҳайити билан муборакбод этамиз. Бахтиёр ҳаётларида ҳеч қачон дард кўрмасинлар, саломатликлари мустаҳкам бўлсин.