Урологик хасталикларни даволаш тизими такомиллашади

Инсон қисқа вақт ичида хасталанмайди. Балки хасталик ривожи учун маълум давр ва турли салбий омиллар сабаб бўлади.

Простата бези аденомаси,  нефроптоз, буйрак-тош касаллиги, буйраклар саратони,  ўт қопи саратони, сийдик йўли касалликлари, эректил дисфункция  сингари урологик  касалликлар эътиборсизлик ва ўз вақтида муолажа қилинмаслиги сабабли хавфли тус олади.

Вилоят урология маркази мутахассислари ҳар бир туманга бириктирилган бўлиб, мураккаб касаллар, диагностикаси қийин бўлган беморларни кўрувдан ўтказишади. МФЙ  фаоллари билан ҳамкорликда урологик касалликлар, ёшларда учраётган хасталиклар ва уларнинг олдини олиш, тиббий кўрикнинг аҳамияти хусусида тушунча ва тавсиялар беришади.

Касалликларнинг олдини олиш ва эрта аниқлаш, ихтисослашган тиббий ёрдам самарадорлигини ошириш мақсадида республика етакчи мутахассислари ҳам  мунтазам  вилоят, туман, ҚВП, ҚОПларда  тушунтириш тарғибот ишларини олиб боришмоқда. Умумамалиёт шифокори ва гинекологлар билим савиясини оширишга қаратилган ўқув машғулотлари ўтказилмоқда.

Сўнгги икки йил давомида юртимизда тиббиёт соҳасини ислоҳ қилишга қаратилган 70 дан ортиқ Фармон ва қарорлар қабул қилинди.  Уларнинг замирида инсонлар саломатлигини муҳофаза қилиш ва замонавий тиббиёт воситаларини соҳага татбиқ этиш  устувор вазифа этиб белгиланган.

Марказда ҳам бу давр мобайнида  Германиядан 380 млн. сўмлик “ПК нефраскоп”, Хитойдан 60 млн. сўмлик “цистоскоп”   сингари аппаратуралар олиб келиниб, амалиётга татбиқ этилди. Замонавий текширув воситалари муаммони аниқ белгилашда, ташхис қўйишда ва шунга асосланиб самарали даволаш муолажаларини қўллашда ёрдам беради.

Янги тиббий технологиялар ёрдамида минимал инвазив  урологик операциялар олиб борилади.  Бундай операциялар  анъанавий усуллардан  фарқли ўлароқ беморга камроқ жароҳат етказади. Катта чандиқ излари қолмайди, танада 1,2 см. тешик очиш орқали буйракдаги тошларни майдалаш ва олиб ташлаш мумкин. Қайта тикланиш  муддати, муолажа даври сезиларли қисқаради.  Натижада, бемор саломатлиги оз фурсатда тикланиб, оиласи бағрига қайтади.

Фаолият самарадорлиги кадрлар салоҳиятига боғлиқ бўлиб, мутахассислар малакасини оширишда барча шароит ва имкониятлар етарли. Техникалар ёрдамида операцияларни олиб бориш учун 4 та мутахассис Республика ихтисослашган урология марказида малака ошириб келдилар. Ҳозирги кунга қадар янги замонавий усулда 40 дан зиёд жарроҳлик операциялари ўтказилди.

Келгусида марказнинг моддий-техника баъзасини янада мустаҳкамлаш, беморларни кўрикдан ўтказиш жараёнини такомиллаштириш,  даволаш самарадорлигини ошириш мақсадида кўплаб янги ускуналар келтирилади. Қувайт иқтисодий фонди томонидан ажратилган кредит маблағлари  ҳисобидан  вилоят урология маркази 2020-2021 йилларда 1 млн. 400 минг АҚШ доллари миқдорида урологик технологиялар ва асбоб ускуналар  билан таъминланиши кўзда тутилган.

  • Беморларга 80 фоиз пулли, 20 фоиз имтиёзли бепул хизмат кўрсатилади, – дейди марказ  бош шифокори Нодиржон Маҳмудалиев, –  Имтиёздан ҳудудлардаги тиббий комиссия  тавсиясига  эга бўлган беморлар фойдаланиш имконига эга бўладилар. Шу кунга қадар 3,5 мингга яқин беморлар имтиёзли кўрикдан ўтказилган. Диагностика замонавийлашгани сари аҳолининг касалланиш даражаси аввалги йилларга нисбатан кўпайганини кузатиш мумкин. Аслида бу ҳолат тиббиётга замонавий техника ва технологияларнинг татбиқ этилиши орқали  яширин касалликлар аниқланиши билан боғлиқдир.  Бу ўринда даволаш имконияти ортмоқда.

Марказда 40 ўринли урология, 20 ўринли нефрология, лаборатория бўлимларидан ташқари консультатив поликлиника мавжуд. Кунига 70 нафар  бемор қабул қилиш  имконига эга бўлиб, баъзан қабулларнинг сони ортиб кетиши ҳам шифокорлар томонидан малакали хизмат кўрсатилишига монеълик қилмайди. Бир йилда поликлиникада 20 минг нафардан зиёд беморлар  кўрикдан ўтади.  Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида электрон тизим  яратилган.  Бемор электрон шаклда  рўйхатга олиниб,  унинг шифокор қабулига кириши, лобаротория текширувидан ўтиши учун навбат белгиланади. Бемор ҳақидаги барча маълумотлар  электрон базада шакллантирилади ва саломатлигини назорат қилиш имконияти ортади.

Саломатлик сингари бебаҳо бойликни асрашда вилоят урология маркази аҳолига ҳар жиҳатдан ўзининг кўмаги ва малакали тиббий ёрдамини бериб келмоқда. Келгусида тиббиёт соҳасидаги илғор тажрибалар, инновацион услуб ва ечимлар асосида ўтказиладиган муолажалар  хизмат кўрсатиш сифатини янада юксалтиради.