Фарғонада кам таъминланган оила қолмаслиги керак

Муҳтарам Пезидентимиз шу йилнинг 6-7 май кунлари вилоятимизга амалга оширган ташрифлари чоғида энг муҳим масалалар қатори аҳолини иш билан таъминлаш, даромадларини оширишга алоҳида эътибор қаратди. “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида ўз бизнесини бошламоқчи бўлган оилаларни аниқлаб, уларга белгиланган миқдордаги имтиёзли кредитларни тўлиқ ажратиш зарурлигини таъкидлади.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Фарғона вилояти, туман ва шаҳар Кенгашлари томонидан ҳам томорқадан самарали фойдаланиш бўйича кенг қамровли тушунтириш-тарғибот ишлари олиб бориляпти. Шу мақсадда ҳудудлар кесимида 76 та гуруҳ тузилиб, улар таркибига 475 нафар партия ходимлари, бошланғич партия ташкилотлари раислари, депутатлар, намунали томорқачилар бириктирилди. Ўтган вақт мобайнида ишчи гуруҳи аъзолари 19 та шаҳар-тумандаги 10 мингдан ортиқ аҳоли хонадонларига кириб, ўрганиш ишларини амалга оширишди. Ўрганишлар давомида кам таъминланган оилалар тасарруфидаги 5,9 гектар ерга ҳомийлар жалб этилган ҳолда ишлов берилди. Ўз томорқасида тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида бўлган 15 та оилага имтиёзли кредит олишда амалий ёрдам кўрсатилди ҳамда 91 та оиланинг томорқани суғориш борасидаги муаммолари бартараф этилди. Ишчи гуруҳ аъзолари томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган аҳоли вакилларига 3106 туп кўчатлар бепул тарқатилди. Намунали томорқачилар ва тажрибали деҳқонлар иштирокида 19 та маҳорат дарслари ташкил этилиб, унда 1000 нафарга яқин шахсий томорқа ер эгалари қатнашиши таъминланди.

Юзма-юз мулоқотлар давомида ишчи гуруҳ аъзолари томонидан партиянинг вилоят Кенгаши тайёрлаган томорқадан фойдаланиш бўйича имтиёзлар акс эттирилган 5 мингга яқин тарғибот буклетлари тарқатилди. Айни пайтда ишчи гуруҳи аъзолари намунали томорқачилар ва аҳоли вакилларининг билдирган фикр-мулоҳазалари асосида вилоятимизда томорқадан фойдаланиш маданиятини янада юксалтириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқмоқдалар.

Раҳматилло КАМОЛОВ,

O’zLiDePнинг вилоят Кенгаши раиси,

халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати.