“Тop Victory”нинг шифобахш дунёси

Юртимиз флора олами турли доривор ўсимликларга бой. Заминимизда 500 дан ортиқ турдаги доривор ўсимликлар  ўсади.  Уларнинг юздан ортиғи ўрганилган.

Инсон саломатлигини асрашда замонавий дори-дармон воситалари билан  биргаликда халқимиз табобати муждалари бўлган доривор гиёҳлар муҳим ўрин тутади. Шу боис, аҳолининг  дори-дармонга бўлган  эҳтиёжини  тўлиқ қондириш учун фармацевтика  саноатини янада ривожлантириш, самарали, шифобахш тиббий воситаларни ўзимизда ишлаб чиқариш аҳамиятли.

Жадаллик билан амалга оширилаётган тиббий- ижтимоий ислоҳотларнинг бугунги босқичида бу борадаги вазифаларни  ҳаётга татбиқ этишга барча куч ва эътибор қаратилган. Маҳаллийлаштирилаётган  маҳсулотларни  кенгайтириш, дори воситалари ва тиббиёт  буюмларини  ишлаб чиқарувчиларга солиқ ва божхона имтиёзлари  берилди. Замонавий дори-дармон билан биргаликда юртимизда  ўсадиган  шифобахш гиёҳлар ва саноатбоп экинлардан  унумли фойдаланиш  учун ҳам барча шароитлар яратиляпти.

Учкўприк туманидаги “Тop Victory” масъулияти чекланган жамиятида   шифобахш доривор ўсимликлардан тайёрланган дори воситалари  ишлаб чиқарилади. Салкам 10 йиллик фаолияти давомида  жамият  маҳаллий  доривор  воситалар бозорини  ўзимизда ишлаб чиқарилган  юқори  сифатли маҳсулотлар билан таъминлашга, республикамиз миқёсида оммалаштиришга эришди.

Жанубий Корея, Россия, Хитойдан техникалар олиб келиб, Хитой ва мамлакатимиз хом ашёси асосида турли дори воситалари  харидорларга етказиб бермоқда. Илк бора “Сепхин”,  кейинчалик  “Тозсеп”,  “Валмас”, “Розсеп”, “Космаг”, “Жекас” сингари  капсула, порошок ва сироплар ишлаб чиқарилди. Бугунги кунда уларнинг тури 10 дан зиёд. Йил охиригача 24 хилга етказилиши кўзда тутилган.

Дори воситалари сифатини янада яхшилаш ва ишлаб чиқариш кўламини кенгайтириш мақсадида германиялик мутахассислар билан ҳамкорлик шартномаси тузилган. Уларнинг тажриба ва тавсияларидан унумли фойдаланган ҳолда Европа давлатларидан кириб келаётган дори воситалари талаби даражасидаги 16 хил маҳсулотларга меъёрий ҳужжатлар тайёрланяпти.  Қолаверса, дори воситаларини экспорт қилиш мақсадида Тожикистон, Қозоғистон билан савдо алоқалари йўлга қўйилмоқда.

2016 йилда мавжуд ўрмон фонди ерларининг ҳолатини яхшилаш, доривор ўсимликлар етиштиришни кўпайтириш мақсадида жамият учун  Данғара ва Бешариқ туманларидан жами 5 гектар ер майдони ажратилди.  Доривор ўсимликлар хом ашёсини етиштиришнинг  ноёб шароитларини инобатга олган ҳолда шу кунга қадар мойчечак, пол-пола, шиповник, расторопша  экилиб,  қайта ишланмоқда. Қолаверса маҳаллий аҳолидан ҳам 1 тоннадан 2 тоннагача  пол-пола сотиб олиниб, ишлаб чиқариш кўрсаткичи ошириляпти.

Ўтган йили  туман ҳокими қарори билан  туманнинг  Тўқсонқовун маҳалласида 3 гектар ер майдони жамият ихтиёрига топширилди.  Мазкур ҳудудда 2018-2025 йиллар давомида дастлаб 50 сотих майдонига капсула кўринишидаги дори-дармонлар ишлаб чиқариладиган завод қурилади ва ҳозирда бу борада ишлар олиб бориляпти. Кейинчалик босқичма-босқич инъекция яъни ампулалар ва шприц ишлаб чиқарувчи заводлар фаолияти йўлга қўйилиши белгиланган.  Лойиҳанинг амалга оширилиши 200 нафарга яқин ишчи ходимлар бандлигини таъминлайди.

Жорий йилда майдоннинг қолган қисмига мойчечак доривар ўсимлиги экилган бўлиб,  ҳосил  йиғиштириб олиниши арафасида.  Келгусида 40 сотихида иссиқхона ташкил этиб, хориждан келтириладиган эхинация, женшейн доривор ўсимликларини маҳаллийлаштириб,  кўпайтириш мақсад қилинган.

– Фаолиятимизнинг дастлабки даврида биттагина дорихонамиз бор эди, –  дейди  МЧЖ раҳбари Лазизбек  Усмоналиев. –  Ҳозирда уларнинг сони 4 тани ташкил этади. Туман тиббиёт муассаси ёнида очилди. Қўқон шаҳар  2-сонли тиббиёт муассасаси олдида  фаолияти йўлга қўйилди. Аввал   мазкур ҳудудда дорихона бўлмаган,  қишлоқ аҳолиси 5, 7 километр масофадан шаҳарга қатнашига тўғри келган. Туманнинг Муллазоир қишлоғида  ҳам дорихонанинг  иш бошлаши аҳолини беҳад мамнун қилди.  Уларнинг ҳар бирида фитобар мавжуд бўлиб, бепул доривор ўсимлик чойлари тарқатилади.