“Сабантуй” шукроналик шодиёнаси

Тинчлик-фаровонлик, миллатлараро тотувлик барқарор юртимизда ўтаётган “Сабантуй” байрамининг ўзгача шукуҳи ва мазмуни бор. Она заминда экин-тикин ишлари тугатилиб, ер яшилликка бурканган пайтда миллатнинг шукронаси сифатида “Сабантуй” нишонланади.

12 йилдан буён вилоят татар миллий маданий марказининг эзгу анъанасига айланган шодиёна Аҳмад Фарғоний номидаги истироҳат боғининг олд майдонида бўлиб ўтди.

400 га яқин оилалар ва славян миллий маданий маркази аъзоларини чорлаган байрамнинг очилиш маросимида вилоят ҳокими ўринбосари Жамшид Хатамов сўзга чиқиб, барча иштирокчиларни муборакбод этди, марказ фаолияти ҳақида сўз юритди.

Равия Кутлибаева раҳбарлик қилаётган “Кубалягим” фольклор ансамбли ижрочиларининг концерт дастури намойиш этилди. “Юлдузча” болалар ансамбли кичкинтойларининг чиқишлари байрам иштирокчиларига қувонч бағишлади. Славян миллий маданий марказининг “Вдохновение”,”Сударушка” ансамбллари ижрочилари куйлаган  қўшиқлар дўстлик тараннумига айланди.

Татар тўйларида айтиладиган қўшиқлар бўйича танлов ўтказилди. Ғолиблар марказ томонидан  совғалар билан тақдирландилар.

Байрамда спорт мусобақалари уюштирилди. Фарғона шаҳридаги 4-болалар мусиқа ва санъат мактабининг “Шодиёна” доирачилар ансамбли, “Солнышко” эстрада ансамбли истеъдодларининг чиқишларини томошабинлар олқишладилар.

Жонажон Ўзбекистонда яшаётганимиздан бахтиёрмиз, ўзбек халқига миннатдорчилигимиз ва дил сўзларимизни қўшиқларимизда изҳор қиляпмиз, — дейди “Кубалягим” ансамбли ижрочиси, 85 ёшли онахон Мукаррамхон Галеева.