Уч қўшнининг қилмиши

Анъанага кўра бу йил ҳам 1 майдан 30 июнга қадар республикамизда “Қорадори – 2019” профилактик тадбирлар ойлиги бўлиб ўтмоқда.

Мазкур тадбирлар жараёнида барча ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан бир қаторда вилоят ИИБ Транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси ходимлари томонидан ҳам тизимли ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Жумладан, 2019 йилнинг 1 май кунидан 25 май кунига қадар олиб борилган “Қорадори – 2019” тадбирлари давомида бир қатор жиноятларга нуқта қўйилди. Учкўприк тумани, Олмурод қишлоғида яшовчи фуқаро М.С.нинг яшаш хонадони кўздан кечирилганда 949 грамм кўкнор ҳашаги гиёҳвандлик воситаси ва 95 туп кўкнор ўсимлиги, унинг қўшниси Д.Г.нинг яшаш хонадонида 161 грамм кўкнор ҳашаги гиёҳвандлик воситаси ва 17 туп кўкнор ўсимлиги, У.А.нинг яшаш хонадонида 9,6 грамм кўкнор ҳашаги гиёҳвандлик воситаси ва 3 туп кўкнор ўсимлиги борлиги аниқланди. Уларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилди.

Бир маҳаллада ёнма-ён қўшни бўлган уч хонадондан шунча миқдорда гиёхвандлик ўсимликлари ва воситалари борлиги аниқланганлиги ачинарли ҳолат. Бу ўз навбатида шу маҳаллада яшаётган келажак авлод учун улкан хавф эканлигини англатмоқда. Шу боисдан иллатга қарши курашда кенг жамоатчилик ҳам фаол иш олиб бориши, атрофга ҳушёр назар ташлаши муҳим ҳисобланади.

М.АХМАТКУЛОВ,

вилоят ИИБ ТХТБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси

катта терговчиси, капитан.

О.АЙЗАРАТОВ,

вилоят ИИБ ТХТБ Фарғона бекатида

ХТБ бошлиғи, майор.