Битта оила бекасининг фидойи меҳнати

Қўштепа туманининг Қамиштепа МФЙ Мустақиллик кўчасидаги 7-уйда истиқомат қилувчи Меҳринсо Турсунованинг ер билан тиллашиш ва диллашиш борасида ҳаётий тажрибаси таҳсинга сазовордир.

Хонадондаги 10 сотих ерда йилига тўрт-беш маротаба даромад олаётган мазкур оиланинг ютуқлари туман миқёсида кенг оммалаштирилаётгани бежиз эмас. Томорқадаги экинлар парваришида томчилатиб суғориш усули жорий этилган бўлиб, помидор, бодринг, картошка, редиска, карам, саримсоқпиёз, турли кўкатлар етиштириш орқали оила фаровонлиги йилдан-йилга яхшиланиб бормоқда. Қорамол, парранда боқиш оила аъзоларининг яна бир қўшимча даромад манбаи сирасига киради.

Шу йилнинг 25 май куни “Фарғона ҳақиқати” газетаси ижодий жамоаси ҳамда Қўштепа туман ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси, , фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши, “Томорқа хизмати” МЧЖ, тижорат банклари, туман пенсия жамғармаси, бандликка кўмаклашиш маркази ҳамкорлигида мазкур хонадонда ўтказилган амалий семинарда томорқа маданияти ва даромадини юксалтириш бўйича туманда олиб борилаётган ишлар сарҳисоб этилди.

Қўштепа туман ҳокими ўринбосари, туман хотин-қизлар қўмитаси раиси Саида Омонбоеванинг эътироф этишича, тумандаги 38 минг 535 та хонадон эгалари тасарруфида 2 минг 765 гектар экин ери мавжуд. Президентимиз ташаббуси билан ҳаётга татбиқ этилаётган “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида ўтган даврда 51 та МФЙдаги аҳоли томорқаларида  300 га яқин иссиқхоналар ташкил этилди. Тумандаги 4 та секторда “Томорқа хизмати” МЧЖлари фаолияти йўлга қўйилиб, жорий йилнинг ўзида улар томонидан 167 та кам таъминланган оилага 6 миллион 400 минг сўмлик мевали дарахтлар ва сабзавотлар кўчатлари тарқатилди. Хонадонма-хонадон юриб ўрганишлар натижасида имтиёзли кредит ажратиш, техника, уруғлик ва кимёвий ўғитлар билан таъминлаш борасида ёрдам кўрсатилмоқда.

2019 йилнинг 6-7 май кунлари вилоятимизга ташриф буюрган Президентимиз аҳолини иш билан таъминлаш, даромадларини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб, “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури ижроси юзасидан муҳим вазифалар белгилаб берди,-деди семинарда сўзга чиққан “Фарғона ҳақиқати” газетаси бош муҳаррири, лойиҳа раҳбари  Аҳмадали Тешабоев. – Қўштепа – моҳир ҳунармандлар, уста деҳқонлар юрти. Бундай имкониятлардан фойдаланиб, туманда ҳар бир ҳудудни “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида ихтисослаштириш ҳамда шу орқали оилаларнинг даромад манбаи ва экспорт салоҳиятини ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга.

Семинарда таҳририят томонидан Олий Мажлис ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фондининг “Уюшмаган, ишсиз фуқароларнинг бандлигини таъминлашга, уларни тадбиркорлик ва оилавий бизнеснинг турли шаклларига кенг жалб қилишга кўмаклашиш” лойиҳаси доирасида тайёрланган услубий қўлланмалар тарқатилди. Кўргазмали воситалар ёрдамида томорқада 50 дан ортиқ экин турлари, қорамол, қўйчилик, парранда боқиш, иссиқхоналар ташкил этиш бўйича маҳорат дарси ўтказилди. Мавзу юзасидан туманнинг турли маҳаллаларидан келган фаоллар, томорқа эгалари ва мутахассислар иштирокида савол-жавоблар бўлиб ўтди.

Шундан сўнг семинар қатнашчилари Меҳринсо Турсунова оиласининг томорқадан самарали фойдаланиш борасидаги тажрибаси билан яқиндан танишиб, амалий кўникмага эга бўлишди. Лойиҳа ташаббускорлари томонидан МФЙлар фаоллари ва томорқа эгаларига амалий тавсиялар берилди.