Ишлар қалай, ҳамкасб?

Шу йилнинг 24 май  куни Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилояти бўлими ташаббуси билан Риштон туман ҳокимлигининг нашри “Риштон ҳақиқати” газетасини ижодий жамоасининг 2018 йил ва жорий йилнинг ўтган давридаги фаолияти сарҳисобига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Риштон академик лицейида ўтказилган юзма-юз мулоқотда вилоят, шаҳар-туман ҳокимликлари муассислигидаги газеталар, тармоқ нашрлари бош муҳаррирлари ҳамда республика марказий газеталарининг вилоятимиздаги мухбирлари қатнашди.

Йиғилишни Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Муҳаммаджон Обидов очди ва олиб борди.

Таъкидланганидек, 88 йиллик тарихга эга таҳририят ўзбек журналистикасида ўз ижодий мактабини яратган бўлиб, бу қутлуғ даргоҳда вилоятимиз ва мамлакатимиз миқёсида машҳур бўлган ўнлаб журналистлар, ижодкорлар тарбияланган.

Аммо бугун ҳар бир таҳририятни қийнаб келаётган муаммолар “Риштон ҳақиқати” учун ҳам бегона эмас,-деди газетанинг кейинги бир ярим йиллик фаолиятини ўрганган “Бағдод ҳаёти” газетаси бош муҳаррири Давлатжон Полвонов. – Хусусан, бир неча йиллардан буён таҳририятнинг ўз биноси ва хизмат автомашинаси йўқ. Газета ададига ҳам ҳавас қилиб бўлмайди. Ходимларга муносиб шароит яратилмаган, уларни моддий-маънавий қўллаб-қувватлашга муассис – Риштон тумани ҳокимлиги томонидан етарлича эътибор қаратилмаяпти. Бугунги кунда таҳририятнинг босмахона, иш ҳақи, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлардан 20 миллион сўмдан зиёд қарздорлиги мавжуд. Газетанинг расмий веб-сайти деярли фаолият кўрсатмайди.

Шунингдек, таҳлил ва танқид руҳидаги ҳисоботда газета дизайни ва рукнлари билан боғлиқ камчиликларга эътибор қаратилди. Мақолалардаги имловий хатолар, саёзликлар ва таҳрирталаб жиҳатлар жиддий танқид қилинди. Ижодий жамоа газетхонлар олдидаги нуфузини ошириши учун ўз фаолиятини замонавий мезонлар асосида ташкил этиши зарурлиги таъкидланди.

Юзма-юз мулоқотда ҳамкасблар томонидан эътироф этилдики, бундай учрашувлардан кўзланган мақсад хато ва камчиликларни холис таҳлил қилиш, келгуси фаолият мезонларини тўғри белгилаб олишга кўмаклашишдан иборатдир. Шу боис танқидларни фаолиятимизга баҳо берувчи адолатли ва шаффоф кўзгу сифатида қабул қилиш керак.

Самимий ва очиқ-ошкора мулоқот тарзида ўтган йиғилишда “Фарғона ҳақиқати” газетаси бош муҳаррир ўринбосари Абдужалил Бобожонов, “Бувайда кўзгуси” газетаси бош муҳаррири Азиза Солиева, “Халқ сўзи” газетасининг Фарғона вилоятидаги мухбири Элёржон Эҳсонов, “Риштон ҳақиқати” газетаси бош муҳаррири Зайлобиддин Йигиталиевларнинг фикр-мулоҳазалари тингланди. Газета мазмун-мундарижасини бойитиш, иқтисодий тангликдан қутилиш чоралари юзасидан “Риштон ҳақиқати” таҳририяти ижодий жамоаси ўз хулосаларини айтиб ўтишди.

Йиғилиш якунида тегишли қарор қабул қилиниб, бу борада “Риштон ҳақиқати” газетаси бош муҳаррири, муассис – Риштон туман ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилоят бўлими томонидан амалга оширилиши зарур бўлган чора-тадбирлар режаси белгиланди.