Замонавий қиёфа касб этаётган Риштон

Риштон тумани ўзининг  тарихи,  маданияти,  бой ҳунармандчилик мероси билан вилоятимиз туризм салоҳиятини ривожлантиришда асосий ўрин тутади. Кулолчилик анъаналари макон топган мазкур гўшанинг  замонавий  архитектура талаблари асосида сайқал топиши сайёҳлар оқимини оширишга хизмат қилади. Қолаверса, бу ердаги асори-атиқалар, зиёратгоҳларни  йўқлаб келгувчи  мамлакатимиз, ва қўшни давлатлардан келгувчи  меҳмонлар ҳам ҳар жиҳатдан юксалиб бораётган туманнинг мафтункорлигидан қувониши шубҳасиз.

Бугун  туманнинг марказий кўчалари Фарғона ҳамда Рошидоний  том маънода қурилиш майдонига айланган. Эндиликда ҳар икки кўчада ҳам янги лойиҳа асосида  замонавий   бинолар, хизмат кўрсатиш шахобчалари, дам олиш масканлари қад ростлайди.

Туман ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари  Содиқжон Ҳайдаровнинг таъкидлашича, мазкур кўчалардаги 178 та турар-жойлар ҳамда 149 та нотурар объектлар замонавий лойиҳалар асосида қайта қурилади.  Мазкур қайта қуриш ишлари  жорий йилнинг 1 сентябрига қадар якунланиши режалаштирилган.

Олиб борилаётган ислоҳотларнинг туб замиридаги эзгу мақсад  ва туман истиқболи йўлида амалга оширилаётган янгиланишларнинг моҳиятини аҳолига етказиш, ноўрин саволлар туғилишини олдини олиш мақсадида жамоатчилик аъзолари, туман фаоллари ҳудуддаги аҳоли вакиллари  билан  учрашувлар ўтказмоқдалар.  Туман маркази янги, замонавий  қиёфада  қайта қурилиши  ва тегишли  ободончилик, кўкаламзолаштириш  ишлари  олиб борилиши муносабати билан бузилиши ва қайта қурилиши мўлжалланган мулк эгаларига бериладиган имтиёзлар хусусида тушунчалар берилмоқда.

Ҳар икки кўчада ҳам аҳоли хонадонлари   бузилиб,  йўл ёқаси тартибга келтириляпти.  Ариқлар, йўлаклар, гулзорлар  ташкил этилиши учун жойлар ажратилмоқда. Бу ўринда аҳоли томонидан белгиланган тартибда уй-жойлар қуриши ва атрофини ободонлаштириши кўзда тутилган.  Бу жараёнда  барча бирдек иштирок этиши, умумхалқ ҳашарига ҳисса қўшиши учун  ташкилот, корхона, муассасаслар  ходимлари,  кексаю ёш бирдек жалб қилинган. Ҳозирда белгиланган муддатда  қурилиш, ободончилик ишларини тўлиқ ва сифатли якунлаш учун фуқаролар томонидан саъй-ҳаракатлар  бошлаб юборилди.

Ҳудудимиздаги 22 та оилага 4,5 сотихдан 7 сотихгача  уй-жой қуриш учун ер майдони  ажратиб берилди, –  дейди Минор МФЙ раиси Адҳамжон Мирзатошев биз билан  суҳбатда.  Ҳокимият томонидан  ҳозирча  10 миллион сўмдан  нақд пулда компенсация аванс тариқасида тўлаб берилди.    Зарур транспорт воситалари орқали қурилиш  материаллари – ғишт, цемент, шағал етказиб берилиши  ташкил этилди.

Туманнинг бошқа маҳаллаларида ҳам ҳовли-жойи бузилишга  тушган  фуқароларга компенсация тўловлари  тўланмоқда.  Қурилиш ишларини тезкорлик билан якунлаш учун тумандаги  иш билан банд бўлмаган аҳолини  жамоатчилик асосида мавсумий ишга қабул қилиш ва 4 минг нафарини  қўшимча жалб қилиш режалаштирилган. Ушбу  мавсумий ишларда фаол қатнашган ишчиларни кейинчалик доимий  иш билан  таъминлаш  ҳам мўлжалланган.