Янги авлодни юксак парвозга ундовчи рағбат

Шу йилнинг 25 май куни вилоят халқ таълими бошқармаси тизимидаги 919 та таълим муассасаларида “Менинг мактабим – менинг уйим” шиори остида сўнгги қўнғироқ тадбирлари ташкил этилди.

Вилоятимиздаги барча билим даргоҳларида бўлиб ўтган тадбирларда 18,5 минг нафар педагог ходимлар ва 200 минг нафардан зиёд ўқувчилар иштирок этди. Шунингдек, қувончли кунда 52 минг нафардан ортиқ ота-оналар, 14 минг собиқ битирувчилар, 7600 нафар кузатув кенгаши аъзолари, 1506 нафар МФЙ фаоллари ҳамда 1072 нафар вилоят, туман-шаҳар ҳокимликлари вакиллари қатнашди.

Тадбирларнинг асосий ғояси ёшлар онгида Ватанга муҳаббат, юртимиздаги тинч ва фаровон ҳаётни қадрлаш, мамлакатимиз тараққиётининг бугунги босқичида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларга дахлдорлик туйғусини кучайтиришга қаратилди. Ўқувчилар томонидан бадиий дастурлар, театрлаштирилган томошалар намойиш этилиб, турли тилларда она-Ватанни, устозлар, ота-оналарни, билим ва китоб, дориломон кунлар шукронасини мадҳ этувчи куй-қўшиқ, рақслар ижро этилди.

Бешта эзгу ташаббус доирасида бу йил битирувчи ўғил-қизлар мактаб кутубхонаси ва бошланғич синф ўқувчиларига совға сифатида энг сара бадиий адабиётлар жамланмасидан иборат китоблар тўпламларини топширишди. Шу куни китоб ва китобхонликни тарғиб этувчи маънавий-маърифий тадбирларга алоҳида эътибор қаратилди.

530 нафардан зиёд баркамол авлод вакиллари таълим-тарбия олаётган билим даргоҳимизда 2018-2019 ўқув йилида кўплаб қувонарли натижалар қўлга киритилди, – дейди вилоят халқ таълими бошқармаси тасарруфидаги Қува туманида жойлашган хорижий тиллар ва аниқ фанларни ўқитишга ихтисослашган мактаб-интернати директори Дилшод Аъзамов. – Ўқувчиларимиз тарих ва математика фанларидан ўтказилган билимлар беллашувларининг туман ва вилоят босқичида яхши натижаларга эришишди. Рус ва инглиз тили, она тили ва адабиёт фанлари бўйича ҳам рейтинг кўрсаткичларимиз йилдан-йилга яхшиланиб бормоқда.

Бағдод тумани халқ таълими бўлими тарихида илк бор жорий ўқув йилида 3 нафар педагог “Йил ўқитувчиси” кўрик-танловининг республика якуний босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди. Тумандаги 3-сонли ихтисослашган давлат умумтаълим мактаби ўқув йилини барча рейтинг кўрсаткичлари бўйича туманда биринчи, вилоятда кучли ўнликка кирган ҳолда якунлади. Мактабнинг биология фани ўқитувчиси Муқаддас Эшонхонова “Йил ўқитувчиси” кўрик-танловининг якуний босқичида вилоятимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиш учун тайёргарлик кўрмоқда. Ўтган йили математика фани ўқитувчиси Ҳасанбой Исмоиловнинг 103 нафар ўқувчилари олий таълим муассасаларига ўқишга киришга муваффақ бўлган эди. Тажрибали устоз бу йил ушбу натижасини янада яхшилашни режалаштирган.

Ўқув йили якунига бағишланган тантанали тадбирларда вилоятимиздаги барча талим даргоҳларида фаол ўқувчи ва ўқитувчилар Фахрий ва Мақтов ёрлиқлари ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирландилар.