Маданият ва дўстлик фестивали

Вилоятимизда яшовчи турли миллат ва элат вакиллари ўртасида  бағрикенглик ва инсонпарварлик маданиятини ривожлантиришда 7 та миллий маданий марказлар бирдек ўрнак кўрсатмоқдалар.

Фарғона шаҳридаги “Дўстлик уйи” чинакам бир оила сифатида  турли анъана, урф-одатлар ва расм-русумларни асраб-авайлаш ва ривожлантириш марказига айланган. Анъанавий тарзда ўтказиб  келинаётган   “Ўзбекистон – умумий уйимиз”  фестивали  эса маданият ва дўстликни тараннум этиш, кўп миллатли ягона оила тамойилини шакллантиришда  аҳамиятлидир.

Фестивалнинг бу йилги босқичи Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича 5 та муҳим ташаббусларини амалга оширишга ҳамоҳанг равишда бўлиб ўтди.

Дастлабки кун ўзбек, тожик ва қирғиз миллатига мансуб фуқаролар аҳилликда яшаб келаётган Фарғона тумани Лоғон қишлоғида ташкил этилган  “Ҳамжиҳатлик, миллатлараро ҳамкорлик, анъанавий дўстлик ва маданият”  анжумани билан бошланди.  Ўзбек, тожик ва қирғиз миллий либосларидаги қизлар тадбир меҳмонлари, турли миллат ва элат вакилларини карнай-сурнай садолари остида кутиб олдилар.

Қишлоқ маданият марказида қирғиз ва тожик халқларининг миллий ҳунармандчилик урф-одатлари, анъаналаринининг юксак намуналарини ўзида акс эттирган кўргазмалар намойиш этилди.

Қирғиз миллий маданий маркази вакили, Фарғона туманидаги “Сулув қиз” фольклор ансамбли  бадиий раҳбари Нортожи Таштанова шукроналик маърузасини ўқиб эшиттирди.  Лоғон маданият маркази қошида  ташкил этилган  “Сабо”  тожик халқ этнографик фольклор ансамбли ҳаваскор ижрочиларининг чиқишлари янада мароқли бўлди.

Тадбир қатнашчиларини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси  ҳузуридаги миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари

Қўмитаси бўлим бошлиғи А.Хусаинов, вилоят ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари  Ж.Хатамов, Фарғона тумани ҳокими И.Носировлар қизғин қутладилар.

Вилоятдаги рус, корейс, қирғиз, тожик, татар миллий марказлари қошидаги концерт гуруҳлари ва фольклор жамоалари ўзларининг ранг-баранг дастурларини тақдим этишди. Улар томонидан ижро этилган шўх кўй-қўшиқлар, шунингдек, ўзбек миллий ашула ва рақслари  кўнгилларни хушнуд этиб, завқ-шавққа тўлдирди.

Тадбирда Жанубий Кореянинг Тегу шаҳридан Фарғона туманига мева ва сабзавотни қайта ишлаш, қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун катта миқдорда инвестиция киритиш режаси билан  келган тадбиркорлар  Пак Ин Кю ва Жон Шининг иштирок этиши байрамга ўзгача файз киритди. Турли миллат вакилларининг ҳамжиҳатлик тантанасига яна бир дўстлик риштаси боғланди.

Корейс миллатига мансуб бўлган фуқароларнинг ўз тилларида меҳмонларни қутлашлари, ижро этилган корейс миллий ашула ва рақслар тадбиркорларда улкан таасурот қолдирди.

Ўзбекистонда миллатлараро ва конфессиялараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш давлат сиёсатининг муҳим устувор йўналишларидан бири, – дейди инсвестор Жон Ши. – Турли миллат ва элат вакиллари қатори ўзбекистонлик корейсларга ўзига хос миллий анъаналари, урф-одатлари ва расм-русумларини асраб-авайлаш борасида яратилган шарт-шароитлар учун Ўзбекистон Республикаси Президентига ўзимнинг чексиз ҳурматимни изҳор этаман. Мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришга ўз ҳиссамизни қўшишдан мамнунмиз.

Концерт кўп миллатли ватан –Ўзбекистонни мадҳ этувчи қўшиқни оммавий ижро этиш билан ниҳоясига етди.

Кунинг иккинчи ярмида вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгашида фестивал доирасида миллий маданий марказлар фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят Кенгашининг навбатдаги йиғилиши ўтказилди. Унга вилоят ҳокимининг ўринбосари Ж.Хатамов раислик қилди.

Очиқ мулоқот шаклида ўтган йиғилишда, вилоятдаги миллий маданий марказларнинг раҳбарлари ва фаоллари ўзлари учун яратилган шарт-шароитлар, миллий тил, урф-одатларни асраб-авайлаш ва ривожлантиришга берилаётган эътибор учун вилоят ҳокимлигига самимий миннатдорчиликларини билдиришди. Марказларнинг жамият ҳаётидаги ролини ошириш ва уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида амалий таклифлар билдирилди. Вилоят татар миллий маданий маркази раҳбари Равиль Тугушев Кенгаши аъзолари томонидан бир овоздан миллий маданий марказлар фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят Кенгаши раисининг ўринбосарлигига сайланди.

Фестивал дорасидаги тадбирлар “Дўстлик уйи”да давом этди. Кўп миллатли халқимизнинг ҳар жабҳада юксалишлари акс этган  “Ўзбекистон – бағрикенг диёр” фотокўргазмаси, амалий санъат ва ҳунармандчилик намуналари барчада катта қизиқиш уйғотди. “Ҳаракатлар Стратегиясининг Ўзбекистонда миллатлараро тинчлик ва динлараро бағрикенгликни мустаҳкамлашдаги ўрни ва аҳамияти” мавзусидаги давра суҳбатида  маърузачилар  мамлакатимиздаги диний бағрикенглик ва миллатлараро  муносабатлар ривожига қаратилган эътибор ва олиб борилаётган  ислоҳотлар ҳусусида тўхталиб ўтдилар. Жумладан, Республика  “Тасвирий ойна” ижодий  уюшмаси раиси Исфандиёр Латипов  сўзга чиқиб,   юртимизда ҳукм сураётган тинчлик, хотиржамликнинг асосида  миллатлараро тотувликнинг ўрни юксак эканлигини таъкидлади.

Ўзбекистон бағрикенг диёр, бизнинг умумий уйимиз. Бу заминда яшаш, тинч-осуда ҳаётдан баҳраманд бўлиш менинг бахтимдир. – дейди  немис  миллий  маданий маркази раҳбари  Валентина  Миллер. –  Немис халқининг ўз жозибадор қўшиқ ва рақслари бор. Ҳар сафар  Ватанимизнинг миллий байрамларида барча миллат вакиллари билан  биргаликда иштирок этиб, қалбим чексиз фахрга тўлади. Эътибор ва меҳрдан,  дўстона муносабатларнинг самимиятидан қувонаман.

Тадбир  якунида барча  миллий маданий марказлар маданияти ва санъати умумлашган концерт дастури  намойиш этилди. Турли тилларда жаранг сочган куй-қўшиқлар  қалбларга шукуҳ ва кўтаринкилик улашди, барчани рақсга чорлади.

Фестивал доирасидаги тадбирлар 29-31 май кунлари қирғиз миллатига мансуб фуқаролар истиқомат қилувчи Қўштепа туманининг Дўрмон, Олтиариқ туманининг Жонибек, Риштон туманининг Навбаҳор, Ёйилма, Оқтомир, Олтиариқ туманинг Бўрбонлиқ, Ёзёвоннинг Қоратепа маҳаллаларида давом этади.