Ким нима деса десин: Риштонда янги ҳаёт бошланмоқда

Риштон туманида кенг миқёсда бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари бошлаб юборилди. Мазкур ҳудуд вилоятимизда намуна сифатида обод масканга айланмоқда.

Обод манзилларда яшаш барчамизнинг орзуимиз. Бугун бу орзуларимиз рўёбга чиқаётгани ҳақиқат. Мамлакатимизда қишлоқ аҳоли пунктларининг меъморий қиёфасини тубдан янгилаш, ҳудудларни комплекс ривожлантириш, йўл-транспорт инфратузилмаси, муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларини барпо этиш ҳамда шу асосда аҳолининг турмуш маданиятини юксалтириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 6-7 май кунлари Фарғона вилоятига ташрифи чоғида Риштон туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, ҳар томонлама намунали ҳудудга айлантириш борасида аниқ топшириқларни берган эди. Вилоят ҳокимлиги томонидан мазкур йўналишда чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, амалий ишларга киришилди. Ноқонуний қурилган иншоотлар ҳамда “снос”га тушган уй-жойлар бузилмоқда, кўчалар янада кенгайтирилмоқда. Шаҳарсозлик талаблари асосида туман бутунлай янги қиёфа касб этади.

-Юртимизда урбанизация жараёнларининг аниқ йўналишлари белгиланган бўлиб, жойларда кўплаб ишлар амалга оширилмоқда, – дейди Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари Дилшоджон Ҳожиаҳмедов. – Риштон туманида ҳам Президентимизнинг ташаббуси билан ана шу эзгу ишларга киришилди. Белгиланган чора -тадбирларда туман аҳолисини узоқ йиллардан буён қийнаб келаётган муаммоларнинг ечимига муҳим эътибор қаратилди. Аввало, вилоят ҳокимлиги томонидан туманнинг бош режаси ишлаб чиқилди. Биринчи навбатда  аҳолининг асосий яшаш шароитларини – уй-жой, ичимлик суви, электр-энергияси каби зарур қулайликларни яратиш белгилаб олинди. Ҳозирда 17 километр узунликдаги йўлларни кенгайтириш ишлари олиб борилмоқда. Бу ерда маданият ва истироҳат боғи, спорт  ва савдо мажмуалари, хизмат кўрсатиш объектлари, кўп қаватли уй-жойлар барпо этилиши режалаштирилган. Мазкур ишлар учун дастлаб маҳаллий бюджетдан 30 миллиард сўм маблағ ажратилмоқда. Албатта бу улкан ишлар туризм салоҳиятини янада ривожлантириш ҳамда аҳолини фаровонлигини юксалаштириш каби эзгу мақсадларга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Айни кунларда 200дан зиёд уй-жойлар ҳамда 150 та ноқонуний қурилган иншоотлар бузилмоқда. Барча ишлар қонунда белгиланган талаблар асосида амалга оширилаётган бўлиб, компенсация пуллари тўлаб берилмоқда. Энг асосийси, бу ишлардан риштонликлар рози бўлмоқда. Биринчи навбатда уй-жой масаласини ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг учун 20 та кўп қаватли уй-жойлар қурилиши режалаштирилган. 25 километр йўл қурилиши, 9,3 километр ичимлик суви, 6,1 километр магистрал оқава сув, 13, 8 километр электр энергияси ва табиий газ тармоғи тортиш кўзда тутилмоқда.

-Биз истиқомат қилаётган Риштон тумани қадимий маскан бўлиб, моҳир кулоллари билан машҳур, – дейди меҳнат фахрийси Турсунхўжа Абдураҳмонов.- Тўғриси, туманимиз маркази ва атроф қишлоқлардаги нохуш манзаралардан дилимиз хира бўларди. Кўчаларимиз жуда тор, ўзбошимчалик билан қуриб олинган иморатлар Риштонимизни ҳуснини бузиб турарди, биз бундан жуда ҳам ҳижолатда эдик. Хориждан келаётган туристлар учун ҳам етарли шароит ҳам яратилмаганди.Ахир бугун юртимизнинг барча жойларида мислсиз бунёдкорлик ишлари бажарилмоқда. Уларга жуда ҳам ҳавас қилардик. Президентимизнинг туманимизга бўлган алоҳида меҳри билан бошланган ишлар барчамизни қувонтириб юборди. Зеро, бу саъй-ҳаракатларнинг барчаси аҳолининг фаровонлигига, турмуш шароитининг яхшиланишига хизмат қилади.

Ҳа, бугун Риштон туманига қадам қўйган киши бунёдкорлик ишларидан завқ олади. Туман марказида жойлашган Деҳқон бозори тартибсиз қурилган бўлиб, ёнғин хавфсизлиги ва бошқа жиҳатдан ҳам умуман талабга жавоб бермайди.Шунингдек, бозор ташқарисида автомашиналар тўхташ жойи йўқ бўлиб, автомобиллар катта йўл ёқасида тўхтамоқда. Айни кунларда мутасаддилар томонидан бозорни аҳоли учун қулай бўлган ҳудудга кўчириш, у ерда барча шароитларни яратиш бўйича бир қатор таклифлар ишлаб чиқилмоқда.

Аммо бозордаги дўкон эгалари, айрим тадбиркорлар бу ишлардан саросимага тушмоқда. Ижтимоий тармоқларда нохолис фикрлар, ҳақиқатга асосланмаган хабарлар тарқатилмоқда.  Туман “Деҳқон бозори” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Исломжон Орифжоновнинг айтишича, бозор ҳудудидаги бирорта тадбиркорнинг норозилигига йўл қўйилмайди. Компенсация тўлови тўланиб, тадбиркорларнинг зарари қоплаб берилмагунча дўконлар бузилиши ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Шунинг учун  уларнинг хавотирга тушишига асло ҳожат йўқ. Туман ҳокимлиги ҳузурида махсус ишчи гуруҳ тузилган бўлиб, барча жараённи белгиланган қонун талаблари асосида амалга оширишга кўмаклашмоқда.

Туман марказидаги Ар-Рошидоний кўчаси бутунлай қайта реконструкция қилинмоқда. Бу ерда кутубхона, гипермаркет, маданият ва истироҳат боғи, ҳунармандчилик маркази, хизмат кўрсатиш мажмуалари бунёд этилади. 5 та саноат корхонаси ишга туширилади. Умуман олганда, туман бош режасини амалга ошириш ишлари учун 892 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарф этилиши кўзда тутилмоқда.

Ҳа, бугун бу ерда истиқомат қилаётган қайси бир юртдошимиз  билан гаплашманг, бошланган эзгу ишлардан мамнун эканлигини билдиришмоқда. Замонавий архитектура талаблари асосида қурилиши режалаштирилаётган иншоотлар        ҳудуд қиёфасини бутунлай ўзгартиради. Зеро, туман бош режасининг амалга ошириш ишларини бошланганлиги Риштоннинг юртимизда энг намунали ва обод ҳудуд сифатида янада довруғ таратишидан нишонадир.

Маъсуджон СУЛАЙМОНОВ.