Ташаббускор, янгиликка интилувчи ва етакчи

Ўзбекистон туманида маҳалла фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган ҳаётбахш дастурларни амалга оширишда фаоллик ва фидойилик кўрсатадиган энг муносиб номзодларни саралаш имкониятини яратди.

Айни пайтда туманда 72 та маҳалла фуқаролар йиғинлари бўлиб, сайловлар жараёнида кейинги уч йил мобайнида бу борадаги эзгу ташаббусларни рўёбга чиқаришни мақсад қилган қарийб 170 нафар номзод сайловолди дастурлари тақдимотини ўтказди. Нурсух МФЙда сайловни ўтказиш бўйича амалий семинар ташкил этилиб, унда барча масъулларнинг иштироки таъминланди. Ўзбекистон тумани фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Кенгаш мутахассислари тўртта секторга кузатувчи вакиллар сифатида бириктирилди.

Адолат ва шаффофлик тамойиллари асосида бўлиб ўтган сайловларда 72 та маҳалла фуқаролар йиғинининг 9 нафар амалдаги раисига ишонч билдирилди,  63 та МФЙга янги раис сайланди. Янги раисларнинг 41 нафари олий маълумотли ва катта ҳаётий тажрибага эга мутахассислардир. Ишонамизки, халқимиз ишончига сазовор бўлган раисларимиз туманда маҳалла институти фаолиятини замонавий мезонлар асосида ривожлантиришда барчага ибрат ва намуна кўрсатадилар.

Азизбек ЎРИНБОЕВ,

Ўзбекистон тумани фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш

органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича

Кенгаш раисининг биринчи ўринбосари.