Дўкон атрофида изғиган шарпа

Тун ярмидан оққанига қарамай Иброхимнинг кўзига уйқу келмади. Шахсий эҳтиёжи учун қаердан пул топишни ўйлаб мижжа қоқмади. Ҳаёлига келган фикридан ўзи хурсанд бўлди шекилли қишлоқ марказидаги савдо дўконига қараб йўл олди.

Ҳарҳолда дўкондан қўлга илинарли бирор нарса топиш ёки мўмайроқ пул ўмариш мумкин, деган қора ният кўнглидан ўтди.

Қувасойлик Иброҳимжон Толибжонов учун бу биринчи жиноят эмас. Илгари ҳам у ўз хатолари учун судда жавоб берган бўлсада қилмишларидан тегишли хулоса чиқармади.

Хавфли рецидивист номини олган ёшгина йигитча бу гал Қўчқорчи маҳалласидаги савдо дўкони олдида шарпадек кезиб безовталанди. Қулай вазият бўлгач дўконнинг оғир қулфини ўзи билан олиб келган арматура ёрдамида бир амаллаб бузиб очди. Х.Маматходжаевага тегишли бу дўкондан у қуруқ чиқиб кетмади. Дўкондорга тегишли 110 000 сўмлик “Юселл” алоқа симкарталари, 1 дона нархи 80 000 сўмлик “Мегафон” номли модем, 1 дона 50 000 сўмлик овоз кучайтиргич, нархи 250 000 сўмлик 1 дона “Кенвуд” самбуферини ҳамда дўкон кассасидаги 40 000 сўм пулни жами 530 000 сўмлик мулкни яширин равишда талон-тарож қилди.

Иброҳим яширилган мол-мулкни икки-уч кун ўтгач Қиргулидаги “Пелекан” буюм бозорига олиб бориб, арзимас нархга пуллади ва шахсий эҳтиёжи учун ишлатиб юборди. Дўкондан олиб чиққан симкарталарни эса дўстларидан олган телефон аппаратларига солиб, бирмунча вақт ишлатиб юради.

Якка тартибдаги тадбиркор Х.Маматходжаева ўз дўконида содир этилган ўғирликдан анча вақтгача хуноб бўлиб юрди. Фақат биргина омил жиноятчини аниқлаши мумкин эди ва дўкондор буни аниқлашга ҳаракат қилди. Яъни ўғирланган симкарталардан бири ишлатилаётган эди. Ишлатилаётган рақам “Юселл” компанияси орқали детализация қилинганида Иброҳимнинг кимлар билан, қачон телефон орқали алоқада бўлганлиги ойдинлашди. Қувасой шаҳар ички ишлар бўлими ходимлари зудлик билан ҳаракатга тушдилар…

Айбдорнинг кўрсатмалари ва тегишли далиллар И.Толибжоновнинг қилмишларини тўлиқ исботлаб берди. Судланувчи чин кўнгилдан пушаймонлигини айтиб, енгиллик беришларини сўради. Лекин ҳеч бир жиноят жазосиз қолмаслигини у эртароқ ўйлаши керак эди.

Жиноят ишлари бўйича Қувасой шаҳар суди Иброҳимжон Толибжоновга 2 йил муддатга сутканинг белгиланган вақтида яшаш жойидан чиқишни чекловчи озодликни чеклаш жазосини тайинланди. И.Толибжонов ўзганинг мулки ҳеч қачон бировга буюрмаслигини, энг муҳими қинғир йўл ҳамиша панд беришини англаб етса ажаб эмас.

Ҳ.ХАЙДАРОВ,

Қувасой шаҳар ИИБ ҳузуридаги тергов

бўлими катта терговчиси, майор.