Олий таълимда янги ўзгаришлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 14 май кунги “Олий таълим муассасаларига тест синовлари орқали қабул қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги
ва Вазирлар Маҳкамасининг “Олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишда миллий ҳамда халқаро баҳолаш тизими сертификатларини татбиқ қилиш тўғрисида”ги қарорлари олий таълим муассасаларига кириш тест синовларини адолатли, холис ва шаффоф ўтказилишини ва ёшларга замонавий талаблар асосида таълим берилишини таъминлайди.

Президентимизнинг юқоридаги қарорида 2019/2020 ўқув йили қабулидан бошлаб, давлат олий таълим муассасаларининг тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси бир хил бўлган учтагача бакалавриат таълим йўналишида танловда иштирок этиш ҳуқуқини беради.  Учта йўналишни танлаш тизимидан мақсад,  абитуриент фақат бир марта имтиҳон топшириб 3 тагача олий таълим йўналишлари конкурсида иштирок этиш имкониятига эга бўлиши белгиланган.  Танланаётган 3 та йўналиш албатта битта таълим шакли доирасида бўлиши керак. Агар абитуриент  кундузги бўлимига ҳужжат топшираётган бўлса, демак қолган 2 та йўналишни ҳам фақат кундузги таълим шакли орасидан танлаш имкониятига эга бўлади,  сиртқи ёки кечки таълим йўналишини қўша олмайди.

Сиртқи таълим шаклини танлаган абитуриентнинг  барча йўналишлари фақат сиртқи таълим шакли доирасида бўлиши керак.

Қарорга мувофиқ, тест фанлари мажмуаси икки бўлимга ажратилди. 1-бўлимга барча тест топширувчи абитуриентлар учун мажбурий 3 та фан – она тили (ўзбек, рус, қорақалпоқ), математика ва Ўзбекистон тарихи, 2-бўлимга даъвогарлик қилинаётган бакалавриат таълим йўналишига мос иккита фан киритилади. Мажбурий фанлар бўлимидаги тест топшириқлари соддалаштирилган бўлиб, абитуриентларнинг умумий саводхонлиги ва таянч билимларини баҳолашга йўналтирилади.

Ўтган йилларда абитуриент олдида фақат битта танлов имконияти мавжуд эди. Оқибатда, кимдир 140-150 балл билан тўлов-контракт асосида ҳам ўқишга кира олмасди, яна кимдир бошқа олий таълим муассасасида 80 балл билан давлат гранти асосида ўқишга кирар эди. Бир нечта йўналишни танлаш имконияти эса мана шундай тенгсизликнинг олдини олади. Бу эса ажратилган қабул квотасини бирмунча билимли талабалар ҳисобига тўлдириш имкониятини беради.

Қарорга биноан бундан буён абитуриентлар Давлат комиссияси томонидан белгиланадиган давлат олий таълим муассасалари бакалавриатига ўқишга кириш учун Давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қиладилар.

Шунингдек, абитуриентга ўзи рўйхатдан ўтадиган, аниқроғи, доимий истиқомат қиладиган жойида ёки бошқа қулай деб билган ҳудудда тест синовида иштирок этиш имконияти берилмоқда. Эндиликда, абитуриентлар ортиқча оворагарчиликларсиз яъни йўл ҳаражатлари ва вақтини тежаган ҳолда ўзлари яшаб турган шаҳар ёки тумандаги давлат хизматлари марказларига бориб республиканинг исталган олий таълим муассасасига ҳужжатларини топширишлари билан биргаликда тест синовини ҳам ўзлари яшаб турган вилоятдаги тест синовларини ўтказиш учун махсус тайёрланган биноларда топшириш имкониятига эга бўладилар.

Ушбу ҳолатда таълим шакли махсус сиртқи ва касбий-ижодий имтиҳон топширилиши лозим бўлган мутахассисликларга ҳужжат топширувчилар бундан мустасно.

Қарор талабидан келиб чиқиб, танлов натижаси тест синовларини ўтказиш жараёни тўлиқ якунланганидан сўнг бир ҳафта муддат ичида Давлат тест марказининг расмий веб-сайтида эълон қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 13 майдаги “Олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишда миллий ҳамда халқаро баҳолаш тизими сертификатларини татбиқ қилиш тўғрисида” қарорига кўра 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларига ўқишга кириш синовларида халқаро баҳолаш тизимлари сертификатлари (International English Learning Testing System (IELTS), Test of English as a Foreign Language (TOEFL IBT), Cambridge Assessment English FCE) учун ҳам абитуриентларга имтиёз бериш тизими йўлга қўйилади.

2019/2020 ўқув йилида чет тиллари асосий фан сифатида киритилган бакалавриат таълим йўналишлари учун миллий сертификат ёки халқаро имтиҳон тизимлари бўйича тилни билиш даражалари В2 ва ундан юқори даража белгиланди. 2019/2020 ўқув йилида чет тиллари асосий фан сифатида киритилмаган бакалавриат таълим йўналишлари учун миллий сертификат ёки халқаро имтиҳон тизимлари бўйича тилни билиш даражалари В1 ва ундан юқори даража белгиланди.

2020/2021 ўқув йилидан бошлаб тест синовлари (касбий (ижодий) имтиҳон) мажмуасига чет тили фани киритилган барча (асосий ёки асосий бўлмаган фан эканлигидан қатъий назар) бакалавриат таълим йўналишлари учун миллий сертификат ёки халқаро имтиҳон тизимлари бўйича тилни билиш даражалари В2 ва ундан юқори даража татбиқ этилади.

2019 йилга қадар Давлат тест маркази томонидан берилган миллий сертификатнинг имтиёзи ушбу сертификатларнинг амал қилиш муддати даврида сақлаб қолинди. Бу дегани, 2019 йилга қадар олинган В1 сертификатининг амал қилиш муддати даврида барча йўналишлар, ҳаттоки чет тили асосий бўлган йўналишлар учун ҳам чет тилидан тўплаши мумкин бўлган энг юқори балл берилади ва шу фандан тест синовларидан озод қилинади.

Қарорга мувофиқ сертификат синовлар якунлари бўйича энг юқори баллнинг камида 60 фоизини тўплаган шахсларга 2 йил муддатга берилади.

Исмоил ШОКИРОВ

Давлат тест маркази вилоят бўлими бошлиғи.