Бу ойнинг энг улуғ фазилати

Яратганнинг ўзи банданинг зиммасига тоқатидан ортиқ ишни юкламайди. Мўмин-мусулмонлар учун рамазон ойида ажойиб енгилликлар берилган бўлиб, улар ана шу имкониятларни ишга солиш билан  Яратганнинг ажр-мукофотига эришадилар.

Кексайиб қолганлиги, оғир беморлиги ёки аъзоларида бирор хасталиги туфайли рўза тутолмаган кишилар ҳар бир куни учун бир мискиннинг кунлик таоми миқдорида фидя тўлашлари зарур.

Рамазон ойининг энг улуғ фазилатларидан бири бу ойда то қиёматга қадар инсониятга ҳидоят йўлини берувчи муқаддас калом Қуръони карим нозил бўлган. Шу боис уламолар рамазони шарифни ойларнинг султони деб номлаганлар.

Бу ойнинг улуғлигига далолат қиладиган яна бир муҳим жиҳатлар борки, у ҳақида Муҳаммад (с.а.в) ўзларининг Рамазон арафасида қилган хутбаларида шундай деганлар: “Эй инсонлар, буюк ва муборак ой сизларга яқин келди. Бу ойда минг ойдан яхши кеча бор. Бу ойда ким Оллоҳга яқинлаштирадиган эзгулик қилса, ундан бошқа ойда адо этган бир фарз даражасини топади ва бу ойда бир фарзни адо этган киши етмиш фарзни адо этган каби бўлади. Бу ой сабр ойидир. Сабрнинг жавоби жаннатдир. Бу ой кўмак ва ёрдам ойидир. Бу ойда ким бир рўзадорга ифторлик берса рўзадорнинг ажридек ажрга эга бўлади”.

Қаноат ва шукроналик ойида имкон қадар ҳар бир инсон яхшилик қилишга шошилиши ажойиб фазилатдир.

Эҳтиёжманд оилаларга ёрдам бериш, зиёратгоҳлар, қадамжолар, қабристонларни ободонлаштириш каби юмушларни адо этишга киришиш мақбул амалдир. Маҳаллаларда тинчлик-тотувликни таъминлаш, диний бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш,  маънавий-маърифий, таълим-тарбия ишларига алоҳида эътибор қаратиш савоб ишларимизни  зиёда қилади.

Динимиз закот, фитр садақаси каби молиявий ибодатлар билан бирга инсонларга ҳайр-эҳсон ва садақа қилишга буюради. Ушбу ойда қавм-қариндош, қўни-қўшнилар, маҳалла-кўй орасида эҳтиёжмандлар бўлса албатта уларга моддий ва маънавий кўмак бериш зарур. Бу билан меҳр-оқибат ришталари янада мустаҳкамланади.

Шундай экан, ҳар биримиз эзгу амалларимизни кўпайтирайлик.

                    Алишер НАИМОВ,

             Қувасой шаҳар бош имом-хатиби.