Энг фаол ёш ишчи касб эгаси

Мамлакатимизда мустақил ва эркин фикрлайдиган, замонавий илм-фан ютуқларини, ўз касбини пухта ўзлаштирган баркамол авлодни вояга етказиш устувор вазифа сифатида белгиланган.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ҳамда бир қатор вазирлик ва ташкилотлар ҳамкорлигида ёшларнинг халқаро стандартлар асосида касб эгаллаши, касбий маҳоратини оширишга кенг имконият яратиш, қобилиятларини аниқлаш ва рағбатлантириш мақсадида “Энг фаол ёш ишчи касб эгаси” танлови ўтказиб келинмоқда.

Танлов уч босқичда – туман-шаҳар, корхоналарда, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ҳамда республика тармоқлари миқёсида ўтказилади.

Яқинда “Автотеххизмат – Ф” МЧЖда ушбу танловнинг вилоят босқичи беллашувлари бўлиб ўтди. Унда қуйи босқичда ғолиб бўлган олти нафар ёшлар тест саволлари ҳамда амалий синов топшириғи шартлари бўйича ўз маҳоратларини синовдан ўтказдилар.

Белгиланган шартларни аъло даражада бажарган “Автотеххизмат – Ф” МЧЖнинг Марғилон автомобилларга техник хизмат кўрсатиш станцияси чилангари Азизбек Азимов танловнинг вилоят босқичи “Енгил автомобилларни таъмирлаш ва хизмат кўрсатиш” номинацияси ғолиби бўлди. Энди у танловнинг республика босқичида иштирок этади.

  • Бундай танловларни ўтказиш ёшларнинг касб маҳоратини ошириш, истеъдод ва қобилиятини намоён этишларида муҳим аҳамият касб этади, – дейди металлургия ва машинасозлик саноати тармоқлари ходимлари касаба уюшмаси республика Кенгашининг вилоятдаги бирлашган касаба уюшмаси ҳудудлар бўйича масъул ташкилотчиси Тойиржон Хомидов, – Азизбек республика босқичида муносиб иштирок этишига ишонамиз.