Олтиариқда томорқа маданияти ва даромади

Ҳаётбахш дастур доирасида бошланган эзгу ташаббуслар олтиариқликларни икки ҳисса қувонтирмоқда. Боиси бундай саъй-ҳаракатлар ер билан тиллашиш бўйича миришкор бўлган туман аҳли ғайрат-шижоатини янада кучайтиради.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 22 октябрь кунги “Фарғона вилоятида томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш ва қишлоқ хўжалиги соҳасида илмий-амалий салоҳиятни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида Олтиариқ тумани бўйича алоҳида чора-тадбирлар режаси белгиланган.

Унга кўра 2018-2019 йиллар мобайнида Олтиариқ туманидаги томорқа ер эгалари учун биргина фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 7,5 млрд. сўм имтиёзли кредит ажратилиши кўзда тутилган. Ҳозиргача томорқа ер эгалари учун жамғарма томонидан 5 млрд. сўмдан зиёд маблағлар тақдим этилди. Бунинг натижасида 2018-2019 йилда туманда 4 мингдан ортиқ енгил конструкцияли иссиқхоналар барпо этилади, ток, ярим пакана мевали дарахтлар экиш, парранда, қуён, асалари, балиқ, чорва моллари ва бошқа ҳайвонларни боқиш ишлари салмоғи қувонарли даражада ортишига эришилади.

Айни пайтда тумандаги 72 та МФЙнинг исталганига кириб, бодринг, помидор, узум, шафтоли, ўрик, гилос, карам, гул карам, аччиқ ва булғор қалампири етиштириш, қорамол, қўй, парранда парвариши борасидаги ютуқлардан мамнун бўласиз. “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида маҳсулот етиштириб хорижга экспорт қилаётган маҳаллалар, томорқадан бир пайтнинг ўзида икки-уч турдаги ҳосилни олаётган оилалар тажрибаси ҳақиқатдан ҳам эътиборга сазовордир.

Шу йилнинг 18 май куни Олтиариқ туманининг Тошобод МФЙда “Фарғона ҳақиқати” газетаси таҳририяти томонидан туман ҳокимлиги, туман хотин-қизлар қўмитаси, бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси, бандликка кўмаклашиш маркази, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши, “Томорқа хизмати” МЧЖ, “Оила” илмий-амалий маркази ҳамда тегишли давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда амалий семинар ўтказилди.

Семинарда туман ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Шоҳиста Салимова, бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси гуруҳ раҳбари Бахтиёр Турдиматов, Повулғон ва Тошобод МФЙ раислари Маҳмуд Умаров, Олмос Ҳожираҳимовларнинг маърузалари тингланди. Тошобод МФЙ, Повулғон кўчаси 15-уйда истиқомат қилувчи Адҳамжон Юнусов, ушбу маҳалладаги яна тўртта оиланинг томорқадан улкан даромад олиш борасидаги ибратли тажрибалари ўрганилди.

2019 йилнинг ўтган даврида таҳририятимиз томонидан Олий Мажлис ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фондининг “Уюшмаган, ишсиз фуқароларнинг бандлигини таъминлашга, уларни тадбиркорлик ва оилавий бизнеснинг турли шаклларига кенг жалб қилишга кўмаклашиш” лойиҳаси доирасида кенг қамровли ишлар амалга оширилди, – деди семинарда сўзга чиққан “Фарғона ҳақиқати” газетаси бош муҳаррири ўринбосари Абдужалил Бобожонов. – Бешариқ, Фурқат, Ёзёвон, Бағдод сингари туманларда бўлиб ўтган семинарларда меҳнат дафтарчасига эга бўлмаган кўплаб томорқа эгалари фаолияти расмийлаштирилди. Тижорат банкларидан имтиёзли кредитлар олишига кўмаклашилиб, 50 дан ортиқ тадбиркорлик йўналишлари бўйича маҳорат дасрлари ўтказилди, илмий-амалий қўлланмалар тарқатилди.

Шундан сўнг туманнинг турли ҳудудларидан ташриф буюрган томорқа эгалари ва мутахассислар иштирокида кредит олиш, меҳнат дафтарчасини расмийлаштириш, “Томоқра хизмати” МЧЖ хизматидан фойдаланиш, сифатли уруғ, минерал ўғитлар шохобчалари фаолияти билан боғлиқ мавзуларда савол-жавоблар бўлиб ўтди. Семинар қатнашчиларига томорқа эгалари учун таҳририят томонидан тайёрланган илмий-амалий қўлланмалар тарқатилди.

Повулғон қишлоғининг Повулғон, Тошобод, Янги чек МФЙларида яшовчи 8,5 минг нафар аҳолининг 210 гектар томорқа ери мавжуд,-дейди маҳалла фаоли Сожида Қўшмуродова. – Бугунги мулоқотлар туманда энг миришкор томорқачилар сирасига кирувчи повулғонликларни жуда ҳам қувонтирди. Семинарда ўн нафардан зиёд хотин-қизларимиз меҳнат дафтарчасига эга бўлиш истагини билдиришди. Ўнлаб томорқа эгалари имтиёзли кредит олиш ва фаолиятини янада ривожлантириш бўйича амалий кўникмаларга эга бўлдилар.

Демак, Олтиариқда томорқа маданияти ва даромадини юксалтиришга қаратилган эзгу ташаббуслар янада кенг қулоч ёзади.