Янада обод ва намунали туман бўлади

Бугунги кунда Республикамизда олиб борилаётган сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий соҳалардаги туб ислоҳотлар “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурларининг бажарилишида ҳам ўз аксини топмоқда. Президентимизнинг туманлар ва шаҳарлар марказларини янада обод ва гўзал масканларга айлантириш ташаббуслари амалда бўй кўрсатмоқда.

Риштон туман ҳокимлигида Президент маслаҳатчиси Турсунхон Худойбергенов иштирокида қатор вазирликлар, вилоят ҳокимининг тегишли ўринбосарлари, вилоят прокурори, ички ишлар ва фавқулодда вазиятлар бошқармалари бошлиқлари, вилоят “Нуроний” ва “Маҳалла” жамғармалари ҳамда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши раислари, шунингдек тумандаги барча ташкилот, корхона, муассасалар раҳбарлари ва жамоатчилик вакиллари иштирокида кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди.

Йиғилишни Фарғона вилояти ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Шуҳрат Ғаниев очди.

Маълумки, Риштонни намунали туманга айлантириш мақсадида айни кунларда қайта қуриш ишлари бошлаб юборилди. Эски, кўримсиз ва архитектура талабларига жавоб бермайдиган турар-жой ва нотурар жой бинолари бузилмоқда. Дунё андозалари, меъморий ва архитектура талабларига мос бинолар қуришга қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.

Йиғилишда мамлакатимизда ягона намунали ҳисобланган Жиззах вилояти Мирзачўл туманининг аввалги ҳолати ва бугун ҳар ким кўрса ҳавас қиладиган гўзал қиёфага келгунича қилинган саъйи ҳаракатлар акс эттирилган видеолавҳалар намойиш этилди.

Мирзачўл тажрибасини ўрганиш мақсадида Риштон туман ҳокими бошлиқ 10 нафар масъул раҳбарлар Мирзачўлда бўлишиб, у ерда олиб борилган ва бугунги кунда амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишиб қайтдилар.

Президент маслаҳатчиси Т.Худойбергенов эндиликда ҳар томонлама намунали туман сифатида Риштон бутунлай бошқача қиёфага эга бўлиши, замонавий ва миллийлигимизни ўзида акс эттирган бино ва иншоотлар бир-бирини умуман такрорламаслиги, дизайн ва қиёфасида ҳам қадимий маданиятимиз, анъаналаримиз акс эттирилиши  билан ҳар бир инсонда шу азиз ва гўзал юртга нисбатан фахрланиш туйғусини яратиши лозимлигига алоҳида эътибор қаратди.

Риштон туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш мақсадида туман ҳокими 13 май куни қарор қабул қилди. Унга кўра бугунги кунда тумандан ўтувчи 4р-112 “Фарғона халқаси” автомобил йўли ҳамда унга туташ бўлган туман марказидаги барча автомобил йўллари ёқасида жойлашган турар-жой ва нотурар-жой биноларини, ижтимоий соҳа объектларини шаҳарсозлик талаблари асосида қайта қуриш мақсадида туман ҳокимлиги ҳузурида тузилган махсус ишчи гуруҳ томонидан рўйхат шакллантирилди.

Ишчи гуруҳ зиммасига қайта қуришга рухсат берилаётган объектларга тегишли хужжатларни қонунда белгиланган тартибда мулк эгалари билан келишган ҳолда расмийлаштириш ҳамда бино-иншоотларни қайта қуриш билан боғлиқ ишларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги 97-сонли қарорига асосан амалга ошириш вазифаси юклатилган.

Туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими ҳамда туман архитектура ва қурилиш бошқармаси раҳбарлари зиммасига қайта қуришга тушган турар ва нотурар жой бино иншоотлари мулк эгаларига белгиланган тартибда бошқа ер майдони таклифини киритиш ҳамда қурилиш ишларини лойиҳа асосида олиб борилишини назорат қилиш вазифаси топширилди.

Туман ҳокимлигидан олинган маълумотларга қараганда, олиб борилаётган ишларда кунига 8-10 минглаб ҳашарчилар қатнашмоқда. Ҳозиргача шакллантирилган 178 та турар-жой ва 149 та нотурар-жой объектларида қайта қуриш ишлари қизғин бошлаб юборилган.

Фаоллар йиғилишида меҳнат фахрийси Турсунхўжа Абдураҳмонов сўзга чиқиб, мамлакатимиз раҳбарининг Риштон туманига қаратаётган эътибори барчанинг қалбини чексиз ғурур ва ифтихорга тўлдирганини эътироф этиб, олиб бориладиган барча ишни аҳиллик ва ҳамжиҳатликда амалга оширишга тайёр эканликларини изҳор қилди.