Болангиз интернет оламида

Мамлакатимизда ўсиб келаётган авлодни баркамол шахс сифатида тарбиялаш муҳим масала бўлиб ҳисобланади. Мазкур масалани ҳал этишда ёшларнинг маънавий-ахлоқий тарбиясига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Лекин шу ўринда маънавий тарбияни интернет бузмаяптимикан, деган савол олдида ўйга толамиз.

Тадқиқотлар натижасига кўра, ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш катталардан кўра болалар ва ўсмирлар орасида кенг тарқалган.  Ота-оналар интернетнинг салбий таъсирини тушуниб етишда оқсаётгандай туюлади баъзан. Болалар ҳозир ота-оналарига таққослаганда бутунлай бошқа бир дунёда улғайишмоқда. Уларнинг фикрлаши юксакроқ эканлиги билан биргаликда ёш авлод атрофида маънавий хуружлар ҳам бўй кўрсатаётганига кўз юмиб кетолмаймиз.

Мутахассислар болаларнинг ижтимоий тармоқларда доимий алоқада бўлишни исташи улар ҳали тайёр бўлмаган руҳий зўриқишларни енгиб ўтолмаслиги ва бу ҳолат салбий оқибатларга олиб келишини таъкидламоқда.

Одатда, ижтимоий тармоқларга жойлаштирилган постларга табиийки болалар ҳам ўз фикрини билдиришади. Унга босилган “лике”лар сони болаларга доимий босим ва безовталик беради. Бундан ташқари, ижтимоий тармоқларга боғланиб қолганлар кучли уйқусизликка дучор бўлишади. 13 ёшга кирмаганлар интернетдан кўп фойдаланмайди. Шундай бўлса-да, интернет гирдобига тушиб қолиши жуда осон. Бу ёшдаги ўсмирларда кўпинча мобиль ўйинларига ишқибозлик кучли бўлади.

— Бизнинг болалигимизда бунақа нарсалар йўқ эди. Миллий ўйинларимизни ўйнаш билан чекланардик. Телевизор орқали бериладиган мултфильмларни қолдирмасдан кўрардик. Ҳозир набираларим мултфильм ўрнига интернетда тарқалаётган видеоларни афзал кўришмоқда. Бир бирлари билан фақат телефонидаги телеграмм деб аталадиган алламбало тармоқ орқали гаплашишлари очиғи мени хафа қилади. Кўчаларда юрсангиз, ҳамма боланинг қўлида телефон, қулоғида эса қулоқчин. Бу ҳолатларнинг олдини олишимиз керак. Ахир биз боболардан қолган аънаналарни давом этирриб келганмиз. Улар ўйнаган ўйинларни,ўқиган китобларини ўқиганмиз. Нега энди бугунги ёшлар бундай қилмасликлари керак? Боламизнинг қўлидаги телефонни олиб унинг ўрнига китоб берсак яхши бўларди – дейди 70 ёшли Равшан  ота Содиқов.

Танганинг икки томони бўлганидек, ижтимоий тармоқларнинг ҳам яхши томонларини унутмасликни истардик. Мисол учун, интернет тармоғидан самарали фойдаланиш ёшларда ижодий тафаккурни ривожлантириб, ўзлигини намойиш этишларига имкон беради. Мазкур афзалликлардан фойдаланиб, ёшларимиз ўз интеллектуал салоҳиятлари  ва қобилиятлари, истеъдодларини намоён этишлари учун шарт-шароитлар яратиляпти. Уларнинг баркамол авлод бўлиб етишишлари мақсадида таълим-тарбия жараёни замон талабига мувофиқ ташкил этилиб, барча зарур техника воситалари билан таъминланмоқда.

Ёшларимизни интернет тармоғи­даги салбий мазмунга эга ахборотлардан ҳимоя қилиш вазифаси эса ҳар қачонгидан кўра кўпроқ ўйлантиряпти бизни. Интернет тақдим этадиган ахборотдан тўғри фойдаланиш маданиятини шакллантириш, мамлакатимиз тараққиётини кўзловчи, халқимиз тарихи, урф-одатларини қадрловчи, миллий қадриятларга содиқ, маънавий етук инсон бўлишлари учун улар фойдаланаётган маълумотларни саралаб узатиш зарур. Шунингдек, тармоқдан айрим хорижий ахборот оқими орқали кириб кела­ётган ёвуз ниятли ғояларнинг олдини олиш ва таъсир кучини камайтириш, ахборотдан хавфсиз фойдаланишларини таъминлаш бу борадаги муҳим чора-тадбирга айланиши зарур.

Хулоса қилиб айтганда, глобал тармоқ­нинг чегара билмаслиги фойдали ахборотлар билан бир қаторда, ўсиб келаётган ёш авлоднинг маънавий тарбиясига зиён етказиши мумкин. Ҳеч биримиз бунга бефарқ бўлмайлик.