Тошлоқнинг истиқболига ҳамоҳанг мажмуа

Шу йилнинг 17 май куни Тошлоқ туманида “Ишонч” кредит-савдо маркази Тошлоқ филиали учун икки қаватли муҳташам мажмуа фойдаланишга топширилди.

Тантанали очилиш маросимида Тошлоқ тумани ҳокими Шуҳрат Абдусаломов иштирок этиб, тадбирда қатнашаётган туман фаоллари, нуронийлар, ёшлар, “Ишонч” кредит-савдо марказининг барча филиаллари мутахассислари ҳамда кенг жамоатчилик вакилларини ушбу шодиёна билан самимий қутлади.

Миллий эртак қаҳрамонлари ижросидаги театрлаштирилган томошалар, мумтоз куй ва қўшиқлар, рақслар, лапар ва ўланлар барчага байрамона кайфият ҳадя этди. Анъанага кўра турли акциялар ўтказилиб, фаол иштирокчилар “Ишонч” кредит-савдо марказининг қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Тошлоқ тумани марказида ўз фаолиятини бошлаган марказ филиалида 20 дан ортиқ янги ва муқим иш ўринлари яратилди. Замонавийлик ва муҳташамликни ўзида мужассам этган мажмуада мижозлар учун барча қулайликлар муҳайё этилган. Асосан мамлакатимизда ишлаб чиқарилган кенг ассортиментдаги бренд маҳсулотлар, малакали мутахассислар фаолияти, мукаммал сервис ва хизмат кўрсатиш тармоғи, маҳсулотни бепул етказиш ва ўрнатиб бериш хизмати, буларнинг барчаси – мижоз манфаати таъминланиши учун ташкил этилган.

Оиламиз кўп йиллардан буён “Ишонч” кредит-савдо марказининг Фарғона шаҳрида жойлашган филиали мижози ҳисобланади. Маҳалламизда марказ филиали очилгани биз учун айни муддао бўлди,-дейди Тошлоқ туманининг Сувбоши МФЙда яшовчи Дилбархон Узоқова. – Бу ердаги қулайликлар бизга жуда ҳам манзур бўлиб, шартнома расмийлаштиряпмиз. Оиламизда икки нафар фарзандларимизнинг тўйи тараддудидамиз. Мебель жиҳозлари, уй-рўзғор буюмларини муддатли тўлов асосида харид қилиш бизга жуда ҳам маъқул.

Замон шиддат билан ўзгариб, тадбиркорлар зиммасига керак бўлса, ҳар куни ўнлаб муҳим вазифаларни кўндаланг қўяётгани айни ҳақиқатдир. Янгиланиш ва ўзгаришларга ҳамқадам бўлиб, аниқ ва мукаммал ривожланиш стратегияси асосида иш юритаётган тадбиркор тараққиёт сари дадил қадам ташлайди. Марказнинг муштарак мақсадлари юксак дид, фаровон ҳаёт, кенг дунёқараш, ақл-тафаккур мезонларига ўзаро уйғун эканлиги билан ҳам аҳамиятлидир.