Муштарий дилидан кечган гаплар

Дилда дардинг бўлмаса дарди саримни кавлама, дейди шоир Бобораҳим Машраб.  Зеро,  дарднинг рамзий ифодаси инсон кўнглининг кечинмалари.

Таҳририятимизга хат йўллаган ёки қораламалари билан ташриф буюрган муштарийларимизга ҳам ўй-кечинмалари, орзу-истаклари қалам тутқазади.

Ёзсам кўнглим ёзилади, дейди Фарғона тумани Чимён қишлоғилик фахрий ўқитувчи Хуршидахон Қаҳҳорова. Вилоятимиз туманларининг олис қишлоқларидан йўлланган мактубларда таҳририят ижодий жамоасига дил сўзлар, талаб ва истаклар муҳрланган.

“Фарғона ҳақиқати” га аталган қўлёзма шаклдаги бағишлов шеърларни ўқиб замон билан ҳамнафас яшаётган қалби уйғоқ одамларга чин юракдан миннатдорчилик билдирамиз.  Дунёда битта аёл бўлса заргар топилади, деганларидек, газетамизнинг адади бироз пасайганига қарамай хатлар оқими барибир тинмайди. Бинобарин, “Фарғона ҳақиқати” нинг ўз ўқувчиси бор!!!

Май ойининг ўзида маънавият бўлимига Хотира ва Қадрлаш кунига оид 30 га яқин мақола ва шеърлар келди. Газетхон йўллаган икки энлик хатни ўқиш, унга жавоб йўллаш ёки газета саҳифаларида эълон қилиш биз учун шараф. Келган хатларни қайд этиш дафтарига 159- рақам билан рўйхатга олинган Бувайда туманидан Эркин Хўжабой ўғлининг “Табаррук излар” сарлавҳали мақоласи билан танишиб чиқдик.

Мақола бувайдалик фидоий инсон Мақсудали Ҳайдаров ҳақида бўлиб, унинг туман тарихида муҳрланиб қоладиган эзгу ишлари қаламга олинади. Саксонинчи йилларда халқ хўжалигининг барча соҳаларида фаолият кўрсатган меҳнат қаҳрамонларининг номлари бирма-бир қайд этилади. Оталарнинг ўша йилларда чеккан заҳматлари, собиқ тузумнинг турли тўсиқларига қарамай, аҳолининг газ, ичимлик суви, электр энергияси билан таъминлаш йўлидаги саъй-ҳаракатлари жонли лавҳалар билан ифодаланади. Лекин мақола ҳажман катта бўлгани сабабли газетага чоп этиш имкони бўлмади. Эркин акадан эса  замонамиз қаҳрамонлари ҳақида лавҳалар ёзиб йўллашларини сўраб қоламиз.

Фалсафа фанлари номзоди, андижонлик мухлисимиз Ёқубжон Тошпўлатовнинг “Соҳибқирон ҳақида китоб” сарлавҳали мақоласи ҳам жуда ўқимишли бўлиб, унда баъзи бир мавҳум лавҳалар, ноаниқ маълумотлар учрагани сабабли чоп этилмади.

“Нуроний” жамғармаси Бувайда туман бўлими раиси И.Эназаров “Сўнмас кунлар шуҳрати” номли мақоласида туманнинг Чўтака қишлоғилик Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Фозилжон Тўйчибоев ҳақида қизиқарли маълумотлар келтиради. Муаллиф мақоласида “Фронтдан хатлар” номли китоб ва архив материалларидан фойдаланиб Фозилжон отанинг қаҳрамонликлари ҳақидаги лавҳаларни ёзади.

Дарҳақиқат, Иккинчи жаҳон уруши хотиралари достонларга, китобларга  сиғмайдиган мисли кўрилмаган воқеа.  Уруш ҳақида номалар йўллаган барча муштарийларимиз том маънода боболар жасоратини тилга олиб, азиз номларини ёд айлаб фарзандлик бурчларини  адо этдилар.

Таниқли шоира Малика Мирзонинг “Таҳсиннома” достонидан парча,  Зокиржон Фозилнинг “Ота дуоси”, ”Ўзбекистон тумани, Яйпан шаҳридан Баҳодир Қироновнинг «Амир Темур монологи”,  Бешариқ тумани 1-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Хуршид Каримнинг Орол денгизига бағишланган шеърини газетамизнинг келгуси сонларида чоп этишни режалаштирдик.

Фарғона вилоят тарихи ва маданияти давлат музейи илмий ходимлари Ш. Азизова, Ш. Юнусованинг “Муҳаммад Юсуфни хотирлаб”,“Буюкларнинг ҳаёт йўли”, Фарғона  ихтисослаштирилган санъат мактаби ўқувчиси Мубинабону Умархўжаеванинг “Анъанавий мерос”, Марғилон  педагогика коллежи мусиқа таълими ўқитувчилари У.Раҳмонов, Л.Турсуноваларнинг “Кўнгилдаги оҳанглар”, Бешариқ тумани маданият бўлими қошидаги «Бешариқ тароналари” ашула ва рақс халқ ансамбли бадиий раҳбари Улуғбек Ҳайдаровнинг “Онгимиз ва тафаккуримизни ўзимиз бошқарамиз” сарлавҳали мақолалари бирмунча таҳрирталаблиги ва фактларнинг етарли бўлмаганлиги боис газетада эълон қилинмади. Айни пайтда бу муаллифлардан ўз соҳаларида рўй бераётган ўзгаришлар ҳақидаги хабар ва янгиликларни кутиб қоламиз.

Шунингдек давлат санитария эпидемиология маркази вилоят бўлими мутахассислари, вилоят онкология диспансери мутахассис-шифокорларининг мақолалари билан танишдик.  Муҳтарам шифокорларимиздан илтимосимиз шуки,  вилоятимиздаги профилактик ишларга доир маълумотлар, тиббиёт соҳасидаги янги изланишлар билан мазмунан бойитилган мақолаларини тақдим этишса, уларни бажонидил қабул қилардик ва чоп этишга тайёрлардик.

Муштарийлар дилидан кечган гапларнинг ҳаммаси холисона ва соғлом фикр билан баён этилгани бизни жуда қувонтиради. Қалб қўрингиз билан тафаккурингиз, мушоҳада имкониятингизни ишга солиб бизга хат йўлламоқдасиз, албатта ҳар бир сўзингиз ижодий жамоанинг диққат эътиборида бўлади…